Қояларда қолган болалик. Рисбек Омонов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қояларда қолган болалик - Рисбек Омонов страница 2
Отам овчилик билан шуғулланар эди. Ёввойи ҳайвонларга қопқон, какликларга тузоқ, каптар ва паррандаларга тўр қўярди. Тонг саҳарда каклик, каптар ва паррандаларнинг қаердан учиб ўтишини ва ёввойи ҳайвонларнинг кечаси қаердан ўтишини яхши билар эди. Умуман олганда тушган ўлжанинг ҳаммаси биз учун гўшт бўларди. Бундан ташқари, отам арча ва қоятошлар орасидан асал йиғар эди. Тоғда асал, асосан, эски арчаларда ҳамда тошларнинг қовоғида бўлар эди. Лекин тошдан асални олиш жуда қийин. Чунки бу асалнинг уяси қанчалик чуқурликда жойлашган, билиб бўлмайди. Бу уянинг ўнг ёки чап томонда экани ҳам номаълум. Камдан-кам ҳолларда тошдаги асални олар эдик. Арчада бўлса осонгина олардик. Чунки асалари учиб кирадиган жойи арчанинг бир томонидан бўлса, отам бу арчанинг орқа томонини арра билан аралаб, кичикроқ тўртбурчакли дарча очарди. Отам арилар кўп ҳужум қилиб чақмаслиги учун олов ёқиб, бироз тутатиб қўярди. Кейин дарчани очиб, асалга тўлган 3–4 варақ асални олиб, яна дарчани жойига қўйиб, ёпарди. Тушиб, очилиб кетмаслиги учун сим ёки ип билан маҳкам боғлаб қўярди. Вақти келганда яна очиб кўрар эдик. Агар тўлган бўлса, яна асални олиб, қайтадан ёпардик.
Отам қачон қайта очиб кўришни биларди. Дарчани очиб кўрганимизда арилар яна асалга тўлдириб қўйган бўларди. Лекин ҳаммасини олиб қўймас эдик. Чамаси, учдан бир қисмини олиб, қолганини арилар учун қолдирар эди. Биз асални варағидан, мумидан ажратиб ўтирмас эдик. Асалнинг варағидан бир тўғрам нонча кесиб олиб, муми билан чайнаб еб юрардик. Бу асалнинг мазаси жуда бошқача бўлади. Чунки бу асал табиий, тоза, уларга ҳозиргидек шакар аралашмаган, фақатгина тоғдаги мевали дарахтлар гулидан ва ҳар хил лолақизғалдоқлар гулидан олинган. Мен шу бир тўғрам асални еб олиб, кечгача фақат сув ичиб, тоғдаги ҳар хил меваларни териб еб юрардим. Ҳаммаси табиий, тоза эди. Менимча, табиий тоза маҳсулотнинг инсон организми учун қанчалик фойда эканини ҳамма билса керак. Сойлар тўла ёнғоқ, олча, ўрикларни териб, қуритиб, қишга ғамлаб қўяр эди.
Бизда пул бўлмаган. Шунинг учун ҳам отам тузоққа тушган какликларни, қуритилган меваларни ва баъзан баланд тоғдаги тошлардан олинган мумиёларни олиб, тоғ ошиб ўтиб, Чибиргат номли қишлоққа бориб сотиб, пулига озиқ-овқат ва унча-мунча кийим учун матолар олиб келар эди. Бу қишлоқ ҳам тоғ этагида жойлашган. Олиб келган матолардан ўзига ва менга қўлидан келганича шалвар ва кўйлак тикиб берар эди. Тикканда ҳам жуда боплаб тикар эди. Кўйлакнинг олди-орқаси бирдай бўлар эди. Унга тугма ҳам қадалмас эди. Матони кенггина қопга ўхшатиб юмалоқ қилиб тикиб, икки томонини кесиб ташлаб, ўрнига думалоқ енг тикиб қўя қолар эди. Шалварни ҳам шу тариқа иккита юмалоқ болоқ тикиб, учини бирлаштириб, узунроқ ип ўтказиб, боғич қилиб берар эди. Тоғда ким ҳам кулади. Биз театрга бормасак, саҳнага чиқмасак. Қопқонга тушган ёввойи ҳайвонлар терисидан