Ота макон. Яҳё Тоға
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ота макон - Яҳё Тоға страница 5
сочингними силаб,
бардошларми тилаб
қўшилиб йиғлайди
қизалоғинг ҳам.
Сен кимнидир қарғаб,
кимнидир алқаб,
кимнингдир
гўрига ғишт қалаб
бемалол, бехижолат
йиғлашинг мумкин…
Мен-чи…
мен бўғзимни
қонатиб бўлса-да,
(Отам ўлса…
онам ўлса-да…)
барча дардларимни,
аламларимни
ичимга ютишим лозим,
ёлғизим.
Сенга осон…
НЕ ТИЛАЙ?
Осмонга устун тилайму,
Шоҳга адолатму тилай?
Ошпичоққа қин тилайму,
Қулга шафоатму тилай?
Ҳовузга тилайму қопқоқ,
Бойга мурувватму тилай?
Кўрпага енг тилайму, ё
Йўқсулга давлатму тилай?..
ИНСОННИНГ КЎНГЛИ
Карвонсарой эмас,
Қўналға эмас,
Қизил майдон эмас
Инсоннинг кўнгли.
Босқинни бас қилинг,
Топтамакни тўхтатинг энди;
Ўзбекистон эмас
Инсоннинг кўнгли.
ҚАДИМ ҚАЛЪА
Бир қадим
қалъанинг деворларинда
қон кўрдим:
ҳар ғишт қон!
ҳар қадам қон!!!
Токчаларга қўнган ғуборларинда
қонталаш замонга
жонталаш исён!
Кўзларимни юмдим:
Ёлғонми дедим.
Гувоҳга айланди
ҳар ғишт,
ҳар қадам…
Бир аччиқ ҳақиқат тиғлади дилим:
Ҳақиқат ўлмайди!
ўлади одам.
ШУКРОНА ЎРНИНДА
Кўксимни
захга бериб
кўкардим мен,
минг бир дардни бир ўзим
кўтардим мен.
Хос жом топсам дардимни
тўкардим мен,
Сўнг бемалол дунёдан
ўтардим мен.
АБДУЛЛА ОРИФ
Биродар, жиддийроқ боққил кечмишга,
Айрим тугунлар бор, зордир ечмишга.
Беш юзу етмишга аруз султони,
Бармоқ байроқдори чиқди етмишга.
Мендан лозиммиди шул муқояса,
Тилим лол, дудоқдан дуолар тошар.
Султон олти юздан, Худо хоҳласа,
Байроқдор оғамиз юзлардан ошар.
Қутловлар қоришиқ тилакларим мўл,
Кўзда ёш, қай бирин тутай қўлини?!
Кимки, қалам тутса, киприкларим ҳўл:
Ул икки улуғнинг берсин йўлини!
Гарчи, ёшларинда беш асрлик фарқ,
Ватан шон-шуҳратин сақлагай эрлар.
Юртим осмонида ураверсин барқ –
Абдулла Орифлар, Мир Алишерлар!!!
ҚУТЛОВ
Олтмиш