ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк Твен
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ШАҲЗОДА ВА ГАДО - Марк Твен страница 22
Аёл қўлида шаъм тутиб, унинг алангасини кафти билан тўсиб, ухлаётган болага асталик билан яқинлашди ва секингина унинг бошида энгашди. Ҳаяжонининг зўридан аранг нафас олиб, тезликда шаъмни боланинг кўзларига яқинлаштирди ва шу заҳотиёқ алангани тўсиб турган қўлини тортиб олиб, бармоқларини унинг қулоқлари ёнида қарс-қарс қилиб қаттиқ шақиллатди. Уйқудаги болакай чўчиб, кўзларини кенг очди, атрофга гарангсиб алаҳсираган кўйи тикилиб қаради, лекин бошқа ҳеч қанақа ўзига хос ҳаракатлар қилгани йўқ.
Шўрлик она ҳайрат ва қайғудан эс-ҳушини йўқотай деди, лекин ўз ташвишини яширишга уринган кўйи болани эркалаб тинчлантирди, ва у яна уйқига кетди. Кейин аёл ўз синов тадбирининг қўрқинчли оқибати ҳақида қайғули ўй-хаёлларга ботганича, боладан узоқлашди. У Том ўзининг телбалиги таъсирида одатий хатти-ҳаракатларини унутиб қўйганига ўзини ишонтирмоқчи бўларди-ю, аммо ҳеч бунинг уддасидан чиқа олмасди.
“Йўқ, − ўйлади у. – Боланинг ақли ноқис бўлиб қолгани билан қўллари ақлдан озиб қолмайди-ку?! Қўл деган нарса қисқа вақт ичида ўз кўникмаларидан айрилиши мумкин эмас. Оҳ, шу кун мен учун қанчалар ҳам оғир келди-я!”
Энди унинг юрагидаги саркаш шубҳалари худди шундоқ қайсар умид билан ўрин алмашди. Аёл аниқ-тиниқ билиб олган ҳақиқатига бўйин эгмоқликка ҳеч ўзини мажбурлай олмади. “Яна бир марта уриниб кўриш керак. Бу сафарги муваффақиятсизлик – шунчаки тасодиф”. Она шу туннинг ўзидаёқ орадан муайян бир муддатни ўрказиб, иккинчи марта ва кейин учинчи маротаба болани уйқисида қўққисдан чўчитиб кўрди. Лекин шаҳзода барибир талмовсираган ҳолатида ҳам қўли билан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширгани йўқ. Аёл қайғу-аламга ботиб, ўрнигача зўрға етиб олди ва силласи