Ишққа оид 40 қоида. Элиф Шафак
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ишққа оид 40 қоида - Элиф Шафак страница 23
Дэвид қочиб қутулиб бўлмайдиган жанжал олдидан ўзига далда бера-бера азонда уйга қайтганида хотини ўз ўрнида ухлаб ётганини кўрди. Ёнида «Ширин шаккоклик» қўлёзмаси ётар ва вино ичилган бўш стакан турарди.
Ўн минутлардан кейин Элла уйғонди. Дэвиднинг ваннахонада душ қабул қилаётганидан ҳайрон бўлмади. Эри бошқа аёллар билан ўйнашишга ўйнашиши, ҳатто тунни улар билан ўтказиши ҳам мумкин эди-ю ва лекин эрталаб душни ҳамиша ўз уйида қабул қилар эди. Дэвид ётоқхонага қайтиб кирганида, унинг уйга
келмагани борасидаги тушунтиришларидан қочиш учун ўзини ухлаётганга солди.
Бир соатча ўтар-ўтмас Дэвид ва болалар ўз ишларига тарқаб кетишди ва Элла яна ошхонада ёлғиз қолди. Ҳаёт оқими яна ўзининг одатдаги ўзанига тушгандай эди. Элла ўзининг севимли «Пазандалик санъати – осон ва тез» ошпазлик китобини очди ва бир нечта рецептни ўқиб кўриб, ўзини кун бўйи иш билан банд қилиши мумкин бўлган анча мураккаб менюни танлади.
Денгиз моллюскаларидан заъфарон, кокос ва апельсин солиб тайёрланадиган ёвғон шўрва.
Қўзиқорин, хушбўй кўкатлар ва беш хил пишлоқ билан пишириладиган спагетти.
Хўшбўй олма мойи, сирка ва саримсоқпиёз шимдириб пишириладиган бузоқ қовурғалари.
Лайма сокидаги яшил ловиядан ва гулкарамдан тайёрланадиган салат.
Кейин десерт (ширинлик) танлади: илиқ шоколад суфлеси.
Элла овқат тайёрлашни яхши кўрарди. Энг оддий масаллиқлардан ширин таомлар пиширишдан у нафақат ҳузур қиларди, балки, қизиғи шуки, кайфияти ҳам кўтарилиб кетарди. Боз устига бу иш жуда аъло даражада чиқиши унга яна ҳам кўпроқ ҳузур берарди.
Бундан ташқари, овқат тайёрлаш уни тинчлантирарди ҳам. Ошхона унинг ҳаётида ўзини дунёдан ажратиб олиши ва вақт тезлигини гўё қисқартириши мумкин бўлган жойи эди. Баъзи одамлар учун интим муносабатлар шундай рол ўйнайди, фикрлар эди Элла, лекин бунинг учун икки киши бўлиши керак, ошхона учун эса фақат вақт, ишга меҳр ва масаллиқ бўлса, бас.
Телевидениедаги пазандалик дастурлари бошловчилари бу санъат кишидан руҳий илҳом ва ижодий қобилият талаб қилишини уқтирадилар. Улар ҳамиша «эксперимент» сўзини такрорлайдилар. Элла уларнинг фикрларига қўшилмайди. Экспериментни олимларга, ғаройиботларни эса рассомларга ҳавола этиш жоизроқ эмасми? Бу ерда эса анъаналарга риоя этиш ва сира ҳам эксперимент қилмаслик керак. Таом тайёрлашни билиш – бу урф-одатга ва қоидаларга риоя этиш дегани. Ҳозирги даврда аҳамияти қанчалик кам қадрланаётган бўлмасин, ошхона юмушларида уларга риоя этиш сира айб эмас.
Элла ўзининг уй юмушларини эскича юритиш одатини қадрларди. Эрталаблари бутун оила деярли ҳамиша бир вақтда нонушта қилар, дам олиш кунларини ҳамиша бир ерда ўтказишар, ҳар ойнинг биринчи якшанбасида қўшниларини тушликка (меҳмонга) чақиришарди. Дэвиднинг ўз ишидан сира вақти ортмагани учун бутун рўзғор ишлари: харажатлар, уй-рўзғорни, болаларни тартибда тутиш, уларнинг дарс тайёрлашларини кузатиб