Маъсума. Исажон Султон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Маъсума - Исажон Султон страница 17
– Сиз янги ҳукуматга ишониш керак деб ўйлайсизми ё йўқми?
– Билмасам…
– Янги ҳукумат камбағалга қайишади! Халқнинг қонини сўриб ётган бой-боёни, уламоси, тўрасидан йўқсул ҳақини олиб беради. Янгиликларни олиб келиб, халқнинг қўлига тутқазади. Ана, трактўр ҳам келди. Уни нималигини айтган эдим-а? Айропланни-чи? Билсангиз, бу ишларнинг барини кўчада юрган автомобилнинг матўридай нарсалар бажаради. Чархпалакка уласангиз, сув чиқаради. Омочга қўшсангиз, ер ҳайдайди. Қанот тақиб қўйсангиз, парвоз ҳам қилади. Эҳ-ҳе, келажакда яна нима ишлар бўлмайди дейсиз?
Маъсума Олтойнинг баландпарвоз ҳикояларини тинглай-тинглай, пайраҳалардан қолган кулни куракча билан олиб, кул чуқурига элтиб ташлади. Қайтиб келиб, янги пайраҳалардан самовар тагига ёқди. Сариқ-қизил заиф аланга пайдо бўлиб, аста қувватланди. Олтой чўнқайиб, попирисини ёндириб олди-да, тушунтиришда давом этди:
– Бизларнинг ҳар биримиз олмон ундоқ, фаранг мундоқ тараққий этибди, деб жар солишни яхши кўрамиз, аммо ўша тараққиётга эришиш учун ҳеч нима қилмаймиз. Гап сотамиз, холос! Ўзимизни мамлакат тақдирига жон куйдиргандек кўрсатсак ҳам, аслида маишатни яхши кўрамиз, зиёфатларни еб, бир-биримизга мақтаниб, олиймақом иморатларимиз, дулдул отларимиз, дабдабали тўйларимиз билан кериламиз. Бундай янгиликларни халққа ким етказади? Мен бу айтганларимнинг барини шеърга соламан, газетга бостираман. Боситхон акамнинг бир дўсти театр очибди, унга пьеса ёзиб бераман, авомга етказаман!
– Билиб қўйинг, халқимизнинг кўзи очилди, энди олдингидек яшай олмайди! – деб хитоб қилди у ҳаяжон билан. – Қаранг, дунё таноб-таноб ерларни мошина билан ҳайдамоқда. Ермойи қазиб олиб, у билан кемаларини, буғмошинларини юрғизмоқда. Олмон кофири урушда осмон вопурини9 кўтармиш, ўқ ўтмас кажавасига икки ўқчи миниб олиб, ердаги аскарларни тинмай қирармиш. Эндиликда фабрика-завўдлар қурилади, тўнлар, дўппилар, бўз-алак кийим-кечаклар, тўшак-кўрпалар – бари завўдлардан чиқади. Ҳа, ҳаёт ўзгариб кетади! Фабрикани ишчиси уйига келиб, биз сингари меҳнатга уринмайди, бемалол чойини ичиб, оёғини узатиб ётади, ё бўлмаса хонимчаси билан қўлтиқлашиб, томошага боради!
Олтой жўшиб яна анча гапларни сўзлади, кейин янги ёзган шеърини ўқиб берди:
Қоч – бўшат йўлни,
Сол резинга – трубани,
Бос – сув, шор-шор!
Ўт ўчди,
Юрт ҳалокатдан қутулди.
Чиғир-чиғир…
Маъсума бунақа шеърни энди эшитиши эди. “Қошинг қаро, кўзинг қаро” дегандай ғазалларга қулоғи ўргангани учун, ҳайрон бўлиб:
– Бу қанақа шеър? – деб сўради.
– Янги замон шеъри! – деб жавоб қилди Олтой. – Ўт ўчирувчилар меҳнати ҳақида. Қаранг: “Қоч, бўшат йўлни”, чунки ўт ўчириш мошинаси келмоқда. Резин қувурга сувни солиб бос, шор-шор қилиб қуй! Ана, ўт ўчди, юрт қутулиб қолди. Чиғир-чиғир қилиб, резин ичакни ўраб қўй… Қалай экан? “Ишқингда ўлдим-куйдим” деган ғазаллар замони тугаб
9