Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 26
Чол акулани кўриши билан унинг ҳеч нарсадан қайтмаслигини, хоҳлаган номаъқулчилигини қилишини тушунди. У акуланинг яқинроқ келишини кутаркан, гарпунни шайлаб, арқоннинг охирини маҳкамлаб қўйди. Балиқни боғлаб олаётганида, унинг бир бўлагини кесиб ишлатганидан, арқон калта бўлиб қолган эди.
Чолнинг боши ҳозир батамом тиниққан, ўзини ҳеч нарсадан умидвор тутмаса-да, ҳарқалай, қатъият билан белни маҳкам боғлаган эди.
«Ҳамма иш хамирдан қил суғургандай бораётган эдики, охиригача шундай давом этиши мумкин эмасди ҳам», – деб ўйларди у.
Акуланинг яқинлаб келишидан кўзини узмай, чол азим балиққа назар ташлади. «Буларнинг бари, нафсиламрга, туш бўлиб қолса ҳам ёмон бўлмасди. Мен унинг ўзимга ҳужум қилишининг олдини ололмайман, аммо, балки, уни гумдон қилиш қўлимдан келар? Dentuso8, – хаёлидан ўтказди у. – Падарингга минг лаънат!»
Акула нақ қуйруқнинг ўзига яқинлашиб келиб, балиққа ташланиши билан чол унинг ўпқондек очилган оғзини ва фавқулодда дўлайган кўзларини кўрди, балиқ думидан сал юқорига санчилган тишларининг картиллаб, қисирлаганини эшитди. Акуланинг боши сувдан чиқиб турар, унинг кетидан кўп ўтмай елкаси ҳам кўриниб қолган эди. Чол акула жағлари улкан балиқнинг танасини хунук товуш чиқариб, нимта-нимта қилаётганини эшитаркан, унинг бошига, кўзларини қўшиб турган чизиқ тумшуғидан юқорига кетган чизиқ билан кесишган жойнинг ўзгинасига гарпун урди. Ҳақиқатда эса, бундай чизиқлар йўқ эди. Оғир, тиғсимон зангори калласию, лўқ очилган кўзлар ва ғижирлаган, туртиб чиққан, нима тўғри келса, шуни ғажиб ташлашга тайёр турган жағларгина бор эди. Аммо ўша ерда акуланинг мияси жойлашганидан чол уни нишонга олиб найза урган эди. Қийилибқирчилиб кетган, қонга бўялган қўлларида маҳкам қисилган гарпунни урди, урганда ҳам жон-жаҳди билан урди. Ураркан, зарбидан ҳеч бир умидвор бўлгани йўқ, аммо қатъият ва аламжон қаҳру ғазаб билан урди.
Акула тўнтарилиб тушди, чол
8
Акуланинг тишли бир тури (исп.).