Маъсума. Исажон Султон

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Маъсума - Исажон Султон страница 6

Жанр:
Серия:
Издательство:
Маъсума - Исажон Султон

Скачать книгу

илиниб турган шаффоф томчиларни узиб, тупроқкўчаларни, заранг ҳовлиларни селгитиб, шу шамолгина елади, холос. Бомдодга азон чақирилиб, қариялар тонг қоронғусида имиллаб масжидга йўл олганларида, унинг шовқинлари ҳам тинади.

      Одатий кун бошланади.

      ИККИНЧИ БОБ

      Бозорга олиб борувчи кўчалардан қўқон аравалар ғийқиллаб юради. Ғилдираклар остидан оппоқ чанг кўтарилади, бошини танғиб олган аравакашлар бақиради. Ёлига ва думига ранго-ранг тасмалар қўшиб ўрилган отларда бойваччалар қўр тўкиб борадилар. Мўйсафидлар эшак миниб олишган. Ўспирин йигитчалар ҳали бозор бошланмасиданоқ, кўча четида сават-сават оби-нон, патирларни сотиб ўтиришади.

      Шундай тор кўчаларнинг биридан, арава тегиб-нетиб кетмасин деб девор ёқалаб, кечаги жаладан қолган кўлмакларни четлаб-четлаб, юзига чачвон тутган, оёғига маҳси-кавуш кийган бир жувон шоша-пиша юриб борарди. Мачит ёнида давра қуриб, ошиқ отиб ўтирган маҳалла йигитлари, енги ичидаги беданаларига сув пуркаб, сархуш ўтирган бангилар унга қараб қўйишди-ю, бир нима дейишмади.

      Хотин пастак эшик ёнига келиб, кичик зулфинни тиқирлатди. Эшик устидан шув этиб тупроқ тўкилди. Ичкаридан сас келмагач, тавақани итарса, ғирчиллаб очилиб кетди. Хотин ҳовлига кириб, чачвонини юзидан кўтариб, чуқур-чуқур нафас олиб:

      – Маъсума! Ҳой Маъсума! – деб чақирди.

      Пастқам уйчадан чиққан Маъсума уни кўриб:

      – Лаббай?! Вой, ассалому алайкум, яхшимисиз? – деб сўради шошиб.

      – Ваалайкум ассалом! Аввал бир ютум сув бер, ичим куйиб кетди, – деди Мунис оғача. Сувни ичиб бўлгач:

      – Поччанг билан гаплашдим, ўйинчилар эртага пешиндан кейин Эски Жўва бозорига келишар экан. Сизлар чиқиб бораверинглар, мен ҳам растадан ўтиб келиб, ўзим кўз-қулоқ бўптураман, деб айтди.

      – Билмасам, рухсат бўлармикин?

      – Бўлади, бўлмай қолармиди? Ўлмас опага ўзим тайинлаб қўяман. Шуни айтай деб чиқувдим, ҳали Сорагаям хабар беришим керак. Келинойи қанилар?

      Маъсума уй томига тираб қўйилган нарвонга ишора қилди:

      – Том оша эгачилариникига чиқиб кетдилар, ҳали-замон келиб қоладилар.

      Маҳалланинг уйлари бир-бирига тиғиз қурилгани учун, зарурат бўлиб қолганида хотинлар ва болалар кўчадан юрмай, кўзлаган манзилига томма-том бориб-келаверишарди.

      – Бўпти, яхши қол. Эртага пешин пайти бирин-кетин хабарлашиб, тўпланиб бораверамиз.

      …Аср маҳали қайтиб келган Ўлмас келинойи Мунис оғачанинг гапларини эшитиб, лаб бурди:

      – Ордона қолсин, очиқ-сочиқ хотинлариям бормиш, дейишади. Кўзингнинг имонини бузиб нима қиласан?

      – Мунис опачамга қори почча нима дебди?

      – Нима дебди?

      – Агар кофир бўлса, одам саналмас. Ҳайвондан қочишни ҳожати бўлмаганидай, ундан ҳам қочмаслик раво, дебди.

      – Ким айтибди ҳайвондан қочиш жоиз эмас деб? Албатта, ҳайвондан ҳам ҳаё қиласан!

      – Холажон! – деди Маъсума эркаланиб. – Пул ҳам берасиз-а?

      – Пулни нима зарили бор санга?

      – Вой, бозорга боряпман-ку?

Скачать книгу