Парвоз ёки интуицияни кодлаш. Шухрат Суюндик
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Парвоз ёки интуицияни кодлаш - Шухрат Суюндик страница 10
Мен ҳам бизнесни илк бор бошлаган давримда ота-она ёрдамига суянганман, рўзгоримга қарашиб туришарди. Бир кун шундай дедим: «Энди мен мустақил шахс сифатида шаклландим. Яқинда институтни битираман, иш бошлайман, уйланаман, бунда албатта сизларнинг маслаҳатларингизга таянаман, келин танлаш ихтиёрингизда, аммо тўйимга меҳмон сифатида келасизлар, сизлардан никоҳ маросими учун ҳеч бир моддий кўмак олмайман». Агар олсам ҳалиям ўша «чия»лигимча қолиб кетган бўламан. Тайёрига ўрганиб, ишламай қўяман. Ундай бўлган тақдирда, сизлар менга ёрдам эмас, балки халақит берган бўлиб қоласизлар», дедим.
Уларга тўғри тушунтира олдим ва бундан буёғига ўзимни ўзим эплаб кетдим. Агар бетўхтов ёрдам олаверсам, ишламай қўйган бўлар эдим. Қорни тўқ одам ҳаракат қилгиси келмаганидек, унда ҳеч қачон кейинги босқичга ўтиш бўлмайди. Бу масаланинг бир томони. Яна бир жиҳати шундаки, ота-она кўмаги оилавий бизнесга кирмайди. Бунда улар сизга беғараз ёрдам беришади, фоиз сўраб пул кредити бераётгани йўқ, сизга ёрдам беряпти. Сиз бу ёрдамга суяниб қолмаслигингиз керак. Мустақил қарор қабул қила оладиган поғонага кўтарилишингиз керак.
«Дон» мустақил равишда қарор қабул қилолмайди. «Ўсимлик» ёки «қурт» поғонасидаги одам мустақил қарорини қабул қилади. Ана шундай қила олиш керак. Мустақил фикрлашингиз, ўз ҳаётингиз учун жавобгарликни бўйнингизга олишингиз керак. Бунга ота-оналар жавобгар бўлолмайди. Оддий халқ тили билан айтганда, «уларниям боғлаб бермаган». Ҳаммамиз ҳам бу дунёга меҳмонмиз! Бошқа томондан ёндошадиган бўлсак, яна бир хавфли жиҳатни эсда тутиш зарур. Юқорида айтиб ўтганимиздай, фарзанд тарбиялаш даврлари турлича. Биринчи давр гўдакнинг беш ёшгача бўлган «пошшо»лик пайтидир. Подшоҳларга қилинадиган муомалада бўлиш даври.
Гўдакликдан болаликкача – бу пошшога бўлган муносабатдан аста вазирга бўлган муносабатга ўтиш давридир. Сабаби, уларни мустақил ҳаётга, «парвоз» га тайёрлаш керак. Бўлмаса ҳаётининг мазмуни фақат кимдандир олиш бўлиб қолади «Уруғ»лигича қолиб кетади, «личинка» бўлиб!
Ундан кейин болаликдан ўсмирликка ўтиш даври келади. Вазирга бўлган муносабатни дўстга бўлган муносабатга ўзгартириш керак. Ўсмирликдан кейинги даврда эса, дўстга бўлган муносабатдан бегонага бўлган муносабатга айлантириб бориш керак. Бегонани текширасан, кўр-кўрона ишонмайсан. Фарзандга бу даврда худди шундай кўз билан қараш керак.