Япон зобити. Леонид Чигрин

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Япон зобити - Леонид Чигрин страница 5

Жанр:
Серия:
Издательство:
Япон зобити - Леонид Чигрин

Скачать книгу

ҳуштаги остида муз йўлдан тентираб кетишди.

      Япон полкларининг Поморьега кириб келиши маҳаллий кенгаш раиси бўлиб сайланган Савелий Парфёновни фаол ҳаракатларга ундади. У ўз тарафдорлари билан яхши қуролланган ҳаракатдаги қисмларга қаршилик кўрсатолмас, босқинчи интервентларга1 хизмат қилишга эса тоби йўқ эди. Фақат бир йўл қолган – ўрмонга кетиш ва у ерда партизан отрядини тузиш керак бўларди.

      Парфёнов қўмондонлигида юзга яқин одам тўпланди. Ҳаммалари бақувват, чидамли поморлар. У мингтагача одам йиғиши мумкин эди, лекин қурол-яроғ етишмас, шунингдек, шунча одамни озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам муаммо бўларди. Ҳозирча эса постларга ва кам сонли япон аскарлари гуруҳларига ҳужум қилишар, уларни алмисоқдан қолган милтиқлари билан ўққа тутишар, қуролларини ўлжа сифатида қўлга киритиб, уддасидан чиқа олсалар, ўрмонга, қоронғиликка сингиб кетишарди.

      Шуни ҳам айтиш керакки, бу турдаги партизан отрядлари Поморьеда анчагина эди. Уларни топиш ва тугатиш осон иш эмасди. Ёзда улар ўрмонга бекинишса, совуқ пайтларда олисдаги киши қадами етмас қишлоқлардан паноҳ топардилар.

      Поморье узра анчадан бери ёмғирли булут ҳукмронлик қилса-да, баҳор яқинлашиб қолган ва уни тўлиқ жанговар тайёргарлик билан кутиб олиш керак бўларди. Бир ой бурун барча партизан отрядларининг қўмондонларига Россия Республикаси Қуролли кучлари бош қўмондони Сергей Каменев махфий чақириқ юбориб, уларни бирлашишга, йирик қўшилмалар ташкил этиб, кенг кўламда ҳаракатланишга ҳамда айни пайтда бирданига бир неча фронтда жанг қилишга мажбур бўлаётган Қизил армия қисмларига фаол кўмак беришга чақирганди.

      Савелий Парфёнов партизан етакчиларини Архангельскдан йигирма чақиримча узоқроқда жойлашган Ключевая қишлоғига тўплади. Каменевнинг чақириғига амалий жавоб бериш, бунинг учун эса кўплаб муҳим масалаларни биргаликда ҳал қилиш лозим бўларди.

      Иссиққина кенг кулбада, камтарингина тузалган стол атрофида Лаврентий Нефедов, Василий Новожилов, Игнат Сухоруков ва бошқалар ўтиришарди. Уларнинг бари чайирлиги, кенг елкалари, шамол ялаган юзлари, кумушрангда товланаётган қуюқ соқоллари билан бирбирига ўхшаб кетарди.

      – Совет ҳукумати биздан умидвор бўлиб турибди, – дея сўз бошлади Парфёнов, – ва биз ёрдам беришимиз керак. Одамлар етарли, бутун бошли армияни тўплашимиз мумкин, лекин қурол масаласи чатоқ.

      – Ўртоқ Каменевнинг ўзи қурол юбора олмас эканми? – текис соқоли узра кафтини юрғизди Лаврентий Нефедов.

      Парфёнов унга танбеҳ бергандек қаради.

      – Лаврентий, доим шунақасан: аввал гапирасан-да, кейин ўйлайсан… Москвадан бу ёққа олиб келишни ўзи бўладими?.. Йўл бўйи Деникин, Краснов бошчилигидаги оқлар қисмлари, Каппелнинг офицерлардан тўпланган корпуси изғиб ётибди, бу ёқда япон отрядларини айтмайсанми?! Кўрдингми, йўлда қанча тўр бор, бирорта балиқча ҳам тешиб ўтолмайди.

Скачать книгу


<p>1</p>

Интервенция – бир ёки бир нечта давлатнинг бошқа бир мамлакат ички ишларига куч билан ёки ҳарбий аралашувини англатувчи сўздан олинган. (Ҳаволалардаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.)