Ибтидо. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 15
– Сурат муаллифи – Ив Клайн уни “Чўмилиш ҳавзаси” деб атаган.
Лэнгдон тан берди: маҳорат билан ишлатилган тўқ кўк бўёқ суратга шўнғиш мумкиндек таассурот уйғотарди.
– Асар рангини Клайннинг ўзи ихтиро қилиб, “Халқаро Клайн Кўки” номи билан патентлаштирган, – давом этди Уинстон. – Муаллифнинг айтишича, айнан мана шу тўқ мовий ранг унинг тасаввуридаги номоддий ва чексиз дунёни ифодалайди.
Лэнгдон Уинстоннинг маълумотларни ўқиб бераётганини сезди.
– Ив Клайн ўзининг монохром кўк суратлари билан донг таратган. Шунингдек, уни “Тубсизлик сари” деб номланган фотосурати орқали ҳам яхши танишади. 1960 йил намойиш этилганда “Тубсизлик сари” одамлар орасида яхшигина ваҳима уйғотганди.
Нью-Йоркдаги Замонавий санъат музейида сақланувчи “Тубсизлик сари” асарини Лэнгдон аввал кўрганди. Пўрим кийинган эркак баланд бино деворидан ўзини ташлаб, пастдаги йўлакка бамайлихотир қулаётгани тасвирланган фотосурат кишини бир қарашда ҳаяжонга солиб қўяди. Лекин расм ҳақиқий бўлмай, “Фотошоп” чиқмасдан анча аввал қайчи, устара ва елимдан усталик билан фойдаланиб амалга оширилган эди.
– Бундан ташқари, Клайн “Монотон сукунат” номли мусиқий асар басталаган. Композицияда симфоник оркестр йигирма дақиқа давомида фақат ре мажор нотани чалади.
– Кимдир эшитадими буни?
– Минглаб одамлар. Ре мажор композициянинг бир қисми, холос. Иккинчи бўлимда оркестр тош қотганча ҳаракатсиз ўтиради ва навбатдаги йигирма дақиқани “жимжитлик” куйини ижро этиб ўтказади.
– Ҳазиллашяпсиз-а?
– Албатта, йўқ. Айтиш жоизки, “Монотон сукунат” сиз тасаввур қилганингиздан кўра қизиқарлироқ бўлган. Масалан, саҳнада танасига кўк бўёқ билан ишлов берилган учта яланғоч аёлнинг баҳайбат суратлар атрофида айланиши ўзгача жозиба касб этган.
Лэнгдон ҳаётининг каттагина қисмини санъатни ўрганишга сарфлаган бўлса‐да, замонавий санъатнинг олий кўринишларини қай тарзда баҳолашга ҳанузгача боши қотар; авангард жозиба сири мавҳумлигича қолганди.
– Нотўғри тушунманг-у, Уинстон, бирхилликдан иборат ишни қандай қилиб “замонавий санъат дурдонаси” деб аташ мумкинлигини унча тушунмайман.
– Тўғри, бу савол кўпчиликни қийнайди, – жавоб берди Уинстон. – Мумтоз санъатда рассомнинг ижро маҳорати, айтайлик, унинг бўёқ ва мўйқалам билан моҳирона ишлай олиши баҳоланади. Замонавий санъатда эса ижродан кўра ғоя асосий ўрин эгаллайди. Мисол учун, ҳозир битта нота ва жимликдан иборат қирқ дақиқалик композицияни ҳар ким осон ёзиши мумкин. Лекин бу ғоянинг асосчиси Ив Клайнлигича қолади.
– Ҳақиқатан ҳам…
– Бўлмасам‐чи! Ташқарида кўрганингиз – “Туманли ҳайкал” ҳам замонавий санъатнинг ёрқин намунаси. Рассом кўприк остига тешилган қувурларни ўрнатиб, улардан сув юзасига тутун чиқариш ғоясини беради. Бу ғояни маҳаллий чилангарлар амалга оширади. – Уинстон бир зум тўхтади. –