Ибтидо. Дэн Браун
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибтидо - Дэн Браун страница 26
– Ҳа майли, раҳмат сизга, – Кирш соатига қаради. – Боришим керак. Кейинроқ кўришсак бўладими? Кашфиётнинг айрим жиҳатларини сиз билан муҳокама қилиб олмоқчиман.
– Албатта.
– Жуда соз. Намойишдан кейин тўс‐тўполон кўтарилиши турган гап, ўшанда сиз билан холи гаплашиб оламиз, – Эдмонд ташриф қоғозини чиқариб, орқасига нимадир ёзди ва Лэнгдонга тутқазди. – Ҳаммаси тугагач, такси ушланг ва мана шу ташриф қоғозини унга беринг. Исталган маҳаллий такси ҳайдовчиси сизни қаерга олиб боришни тушуниб олади.
Лэнгдон қўлидаги митти тўртбурчак картанинг орқасига қараб, бирор маҳаллий меҳмонхона ёки ресторан манзили ўрнига кўпроқ сирли кодга ўхшаш ёзувга кўзи тушиб, ажабланди.
– Эдмонд, шуни кўрсатишим керакми ҳайдовчига?
– Худди шундай. У қаерга боришни тушунади. Соқчиларга сизни ўша ерда кутиб олишини айтиб қўяман. Ўзим ҳам иложи борича тезроқ етиб боришга ҳаракат қиламан.
“Соқчилар?” Лэнгдоннинг қовоғи уйилди. “BIO ES346 қанақадир яширин илмий лабораториянинг шартли номига ўхшайди.”
– Бу жудаям содда код, Роберт, – кўз қисди Эдмонд. – Сизга ўхшаган одамга чўт эмас ечиш. Дарвоқе, бугун сиз ҳам саҳнада кўринасиз. Тақдимотда муҳим ролингиз бор.
Лэнгдон таажжубланди:
– Яна қанақа роль бўлди?
– Хавотир олманг. Сиздан ҳеч нарса талаб қилинмайди, – шундай деб Эдмонд Кирш спиралнинг чиқиш эшиги томон юрди. – Томошабинлар олдига чиқиш вақтим бўлди. Уинстон сизга йўл кўрсатади, – у эшик ёнида бир зум тўхтаб, ўгирилди ва хўрсиниб деди: – Оқшом тугагач учрашамиз, Роберт. Вальдеспино борасида адашмадингиз, деб умид қиламан.
Лэнгдон уни тинчлантирди:
– Эдмонд, хотиржам бўл, илтимос. Бор диққатингни намойишингга қарат. Ишон менга: диний раҳнамолар сенга зарар келтирмайди!
Кирш унга иккиланиб қаради:
– Бугун намойишда айтмоқчи бўлганларимни билганингиздан кейин, Роберт, фикрингизни ўзгартирасиз, деб қўрқаман.
Ўнинчи боб
Де ла Алмудена ибодатхонаси ҳудудида Рим католик черковининг Мадриддаги архиепархияси жойлашган. Неоклассик услубда қурилган черков собори қироллик саройига ёнма‐ён тикланган. Қадимий мусулмон масжиди ўрнида барпо этилган бу муҳташам бинонинг номи арабча “ал‐мудайна” сўзидан келиб чиқиб, “қалъа” деган маънони беради.
Афсоналарга кўра, Қирол Алфонсо VI 1083 йил Мадридни мусулмонлар ҳукмидан қайтариб олгач, маврлар босқини даврида йўқолган Биби Марямнинг муқаддас ҳайкалини қидиришга киришади. Миш‐мишларга кўра, шаҳар аҳолиси маврлардан асраш учун ҳайкални қалъа деворлари орасига кўмиб юборган эди. Натижа бўлмаса ҳам, Алфонсо узоқ муддат қидиришдан тўхтамади. Кунларнинг бирида қалъа деворининг бир қисми қулаб тушиб, йиғилганлар кўз ўнгида Биби Марям ҳайкали намоён бўлади. Ҳайкал ёнида асрлар муқаддам қўшиб кўмилган шамлар