Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - Тохир Хабилов страница 27
– Домла, мен ҳу Тошмататхонада ростдан ҳам бор эдим, аммо… – деб гап бошлади Анвар. Бироқ мезбон сўзларини давом эттиришига йўл бермади:
– Сиз мени ранжитяпсиз, азизим, – деди Ҳикмат Ўролов, бош чайқаб. – Шу гапларга ишонадиган гўл одамга ўхшайманми?
– Домла…
– Гапирманг, азизим, гапирманг. Умр бўйи ўша идоранинг хизматини қилиб келган одам ёнингизга кириб ҳужжат титадими? Э… унинг найрангларини кўравериб… Тағин ҳам “домла Иноятуллони Ҳикмат Ўролов ўз қўли билан отган”, демабди. Шунисига хурсандман. Ҳамонки, шу мавзуда гап очдингиз, бир нарсани айтай: тўғри, домла Иноятуллони қамашганда кўплар қатори мени ҳам чақиришган. Мендан аввал Холидийни ҳам чақиришган. Менга унинг кўрсатмаларини беришган, ўз кўзим билан ўқиганман. Мана бу ердаги, –Ҳикмат Ўролов газитни бармоғи билан уриб қўйди, – гаплар ўзининг кўрсатмалари. Домланинг қўлларига кишан уриб берган Холидийнинг ўзи. Сиз ҳужжатлардаги менинг имзоимни кўрдингизми?
– Йўқ… қарамай чиқиб кетдим. Жаҳл келганда ақл кетади…
– Хижолат бўлманг, зарари йўқ. Ҳужжатлар вақти келиб яна қўлингизга тушса қараб қўярсиз. Мен кўп ёзмаганман. Ёзганларим аниқ эсимда: “Агар ҳалол олим мингта бўлса, мингдан бири домла Иноятулло, у шу мингнинг олдинги қаторида туради. Агар биттагина бўлса, демак, у шубҳасиз – домла Иноятулло”. Мени қийнашмади. Бошқа сўроққа ҳам чақиришмади. Шунга то ҳозирга қадар ҳайронман. Балки мен ёзиб берган қоғоз йўқотилгандир. Балки имзо бошқа қоғозга кўчирилгандир, буниси менга қоронғи. Мен ҳали ҳам ўша фикримда қатъий тураман: домла Иноятуллодай олим олдида биз сариқ чақа қимматига ҳам эга эмасмиз. Бундай дейишимга асос борми? Бор. Сиз айтинг, азизим, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?
Суҳбатнинг бу тарзда бурилиши Анварни ажаблантирди, бундай саволнинг берилиши эса ўйлантирди.
– Мен сиздан жавоб кутяпман, меҳрибоним, – деди Ҳикмат Ўролов. – Айтинг, бизни тарихчи олим дейиш мумкинми?
– Агар кеча бошқа гап айтиб, бугун бошқасини даъво қилаётганимиз назарда тутилса…
– Бу бошқа масала. Айтиш мумкинки, бу иймон масаласи. Унвонлар, илмий даражалар ҳам бошқа масала. Сиз менга бир сўз билан жавоб беринг: “ҳа”, ёки “йўқ”! Сўнг жавобингизни албатта изоҳлаб ҳам берасиз.
Ҳикмат Ўролов Анварнинг кўзларига тикилиб кулимсиради. Анвар бу саволга ақли етган даражада жавоб бера оларди, аммо унга мезбоннинг асл мақсади қоронғу эди. Шу боис жавобга шошилмади.
– Сиз қийналманг. Ўзим айтиб қўя қолай: йўқ! Сабаб: бир куни домла Иноятуллонинг уйларига борсам, заррабинга тикилиб ўтирибдилар. Сизда заррабин борми? Ҳа, менда ҳам йўқ. Хуллас, бир археолог олим домлага узум данакларини берибди. Данакнинг умри салкам минг йил эмиш. Археологнинг айтишича, Эски шаҳардаги қазилма пайтида ҳожатхона ўрнидан топилган эмиш.