Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - Тохир Хабилов страница 30
Умид улки, бизларга меҳр кўргазган устоз бизлардан рози бўлсинлар. Омийн, йа Роб ал-оламийн.
Ойни тишлаб чиқиб келар тун,
Ҳар юлдуз қалққанда кўкси тешилар…
Яхши тушлар кўринг, яқин-йироқдаги
Юрагимга яқин кишилар.
“Гулистон” мен учун унутилмас, қиёслаб бўлмас бир мактаб бўлди. Ҳатто кўнгилни хира қилувчи воқеалар, гаплар ҳам ибрат мактаби эди. Ким ҳаётида камчиликка ёки катта-кичик гуноҳга йўл қўйса, жавобгари ўзидир, ҳукм қилғувчи эса Аллоҳдир. Халқ таъбири билан айтилганда, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади. Шу боис мен уч йил давомида бирга ишлаган акалар ва дўстларни ёмон хотиралар билан эсламайман. Айрим кўнгилсиз воқеаларни баён қилишим, дилимда сақланиб қолган алам ёки кекдан эмас (бундай иллатдан Аллоҳ сақласин!), балки бугунги азиз ёшларимизнинг ҳаётдан маъно олишларида асқотар деган мақсаддадир. Баёнимга диққат қилган бўлсангиз, муҳтарам ҳамкасбларимнинг ҳеч бирлари шахсан менга ёмонликни раво кўришмаган. Ҳамиша хайрли тилакда бўлишган. Шундай экан, не учун мен уларни эслаганимда ҳақларига хайрли дуолар қилмайин?!
Иккинчи қисм
ОТ АЙЛАНИБ ЯНА ҚОЗИҒИНИ ТОПГАНДА
Беназир шодиёна
“Гулистон”даги йиллардан эсда қоладиган яна бир қувончли воқеа – Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинишим эди. Ёш ёзувчилар учун бу ҳолат беназир шодиёна ҳисобланарди. Уюшмага қабул қилинишнинг ўзига хос талаблари ва босқичлари бор эди. Биринчиси – камида учта китоби нашрдан чиқиши шарт эди. Яъни, адабиёт аҳли унинг китобларини ўқиб, баҳо бериб, “ёзувчи” деб тан олишлари лозим эди. Ҳозир отасининг пули етарли бўлса, мактаб ўқувчиси ҳам китоб чиқаряпти. У дамларда дастлабки тўплам ёшларнинг кўрик-кенгашида муҳокамадан ўтиб, нашрга тавсия этилиши шарт эди. Бу жараён ва нашриёт режасига киритиш ҳаракати бир қанча йиллар давом этарди. Айниқса, шеърий китобча чиқариш анча мушкул эди (Абдулла Ориповнинг биринчи китоблари 24 ёшларида нашр этилганини эслаш кифоя). Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиниш маънавий-руҳий томондан кишига мадад бергани баробарида моддий рағбатлари ҳам мавжуд эди. Уюшма аъзоларига уй, автомашина, гилам каби бойликларни олиш имкони енгиллашарди. Уюшманинг энг сўлим жойлардаги ижод уйларига бориш ҳам мумкин бўларди. Лекин нашриётда китоб чиқариш жараёнига уюшмага аъзолик таъсир этмасди. Яъни, ёзувчининг аъзо ёки аъзо эмаслигига қаралмасди, асарнинг бадиий адабиёт талабларига жавоб бериши ёки бермаслиги, муҳими – белгиланган социалистик реализм ғояларига қанчалар мослиги эътиборга олинарди. Дастлабки китобларини бир амаллаб нашр эттириб, бир амаллаб уюшмага аъзо бўлиб олгач, 10-20 йиллаб китоб чиқаролмай юрганлар ҳам учраб турарди.
Биринчи китоблари нашр этилгач, уч тажрибали ёзувчидан тавсиянома олинарди. Кўпчилик ёшлар машҳурлардан тавсиянома олишга уринишарди. Мен ундай қилмадим. Ҳатто тоғам – Мирзакалон Исмоилийдан ҳам олмадим. “Тоғаси туфайли аъзо бўлиб олди”, деган маломат юкини кўтариб юришни истамадим. Суннатулла Анорбоев, Ваҳоб Рўзиматов, Ғани Жаҳонгировлар менга тавсиянома ёзиб беришгач, ҳужжатларни уюшмага топширдим.