Ҳаёт қайиғи (3 китоб). Тохир Хабилов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (3 китоб) - Тохир Хабилов страница 9
– Бизга кераги йўқ-ку?
– Завод чиқариб ётибди, районга вагонлаб келяпти. Район хўжаликларга бўляпти. Ҳеч ажабланадиган ери йўқ. Мен ҳам, район ҳам айбдор эмас.
– Қорнинг очса қовурдоқ ўрнига хашак емайсан-ку? Ё бошинг оғриса сурги ичасанми? Олмайман, деб оёқ тирасанг асаканг кетадими? Текинга берилмайди-ку булар?
– Ў… ў… оғайнижон, осмондан пастга тушинг. Бунинг ҳам ўзига яраша сиёсати бор. Оёқ тирасам, аккумуляторлардан умидимни узаман, калийнинг ярмини ҳам ололмайман. Сен шартимизни унутиб қўйяпсан… бунақа ишларга аралашма. Бошқалар нима бўлса, биз ҳам шу.
– Билганингни қил, – Комил шундай деб қўл силтади.– Мени бекорга эсламагандирсан? Ишинг бормиди?
– Бор. – Тўхтамиш шундай деб Комилнинг тиззасига уриб қўйди. – Минимумларни топшириб қўйсаммикин? Спецни ўзингга ишонаман. Қолганларига ишончли одамлардан топиш керак.
– Мавзу-чи?
– Сен менинг норасмий илмий раҳбаримсан. Мен сени совхоз ташвишларидан озод қилдим, сен мени илм ташвишларига аралаштирма. Келишганмиз-ку?
– Ҳа… ҳа… келишганмиз, – Комилнинг нафаси қайтиб, кўкрагига бир нарса қадалгандай бўлди. – Келишганмиз,– деди у яна. – Шу ҳафта ичи аниқлаб бераман. Ўзинг ҳам сал ҳаракат қил. Домлаларнинг олдида оғзингни очиб турма.
– Хотиржам бўл.
Тўхтамиш ўрнидан туриб, сейфга яқинлашди. Осилиб турган калитни бураб, эшикни очди-да, қаппайган конверт олди. Индамай келиб, Комилга узатди. Комил бир Тўхтамишга, бир конверт устидаги ёзувга қаради: “Садиров, 2500”.
– Нима бу?
– Мукофот. Пахтамиз яхши бўлди. Бош агрономсиз бунча ҳосил олиб бўлармиди?..
– Мукофот?.. Балки… порадир?
Тўхтамиш пулни Комилнинг ёнига ташлаб, қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
– Вой овсар, сенга нима учун пора бераман?
– Тушунарли, – Комил ўрнидан туриб, Тўхтамиш билан юзма-юз бўлди.
– Нима тушунарли? – Тўхтамишнинг юзидаги хушчақчақлик йўқолди.
– Биз сен билан ҳеч қачон дўст бўлмаганмиз. Ҳозир бир-биримизга жилмайишимиз вақтинчалик. Буни биласан. Лекин ҳеч қачон дўст бўлолмаслигимизни ўйлаб кўрганмисан?
– Қани, гапиравер-чи?
– Фарқимиз билимда эмас. Истасанг, мен билган нарсаларни сен ҳам билиб оласан, калланг жойида. Бизни бир-биримизга яқинлаштирмайдиган бир нарса бор – сен виждонингни сотишинг мумкин, мен, қиймалаб ташласанг ҳам, бундай қилолмайман.
– Ҳў, ошнажон, сал осмондан тушинг…
– Тушолмайман, ошнажон, тушолмайман. Ерда сиздақалар билан яшасам, нафасим қайтиб ўламан.
Тўхтамиш конвертни дивандан олиб, кафтига уриб-уриб қўйди.
– Шу одатингни яхши кўраман, ўғил бола гапни гапирасан. Тилёғламалик қилаётганим йўқ, ишонавер. Сен хавфли одам эмассан, кўнглингда киринг йўқ. Лекин дангаллигинг ўзингга зиён. Одамга ўхшаб яшашинг қийин бўлади. Пулни олмай чакки қиляпсан. Бу ўғирлик пул эмас. Майли, ўзинг биласан. Сейфда тура туради. Ўйлаб