Ҳаёт қайиғи (2 китоб). Тохир Хабилов

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов страница 40

Жанр:
Серия:
Издательство:
Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - Тохир Хабилов

Скачать книгу

афандининг ўлими” нашрдан олиб қўйилгач, Носир ака мени тез-тез йўқлаб, қўлёзмаларга тақриз ёзишни топшира бошладилар. Бу соҳада тажрибам етишмаса-да, ишонч билдирдилар. Ҳатто ҳажми беш юз саҳифадан ошадиган романни бериб, “150 бетлик асарга айлантириб беринг”, дедилар. Баъзи адиблар бўшроқ ёзилган асарларини наср кенгаши муҳокамасидан ўтказиб олиб, таҳририят ва нашриётларни безор қила бошлашарди. Юқори идораларда уларни ҳимоя қиладиганлар ҳам бўларди. Қўнғироқлар ва илтимослардан безган таҳририят раҳбарлари “журнал варианти” деган изоҳ билан асарни қисқартириб беришарди. Менга худди шундай романни бердилар. Асарга ҳусн бўлмайдиган саҳифаларни қисқартириб чиқдим. Айрим саҳифаларни қайтадан ёзиб, машинкада ўзим кўчириб бердим. Бу ишим ҳам таҳририятдаги акалар ва устозларга маъқул келди. Айниқса, фантастика йўналишида ёзиладиган асарларга мен баҳо берадиган бўлиб қолдим. Турли газета ва журналлар таҳририятидан қўнғироқ қилишиб, “Битта ҳикоямиз бор, биз фантастикани тушунмаймиз, ўқиб беринг”, дейишарди. “Нимасига тушунмайсиз, фантастик ҳикоя ҳам реалистик ҳикояга қўйилган талаблар билан ўқилиши керак”, десам-да илтимос қилаверишарди. Ўзимдан кўра ёшроқ адибларнинг асарларини ўқиб, фикр айтиш қийин эмас, лекин муаллиф дўстларимизнинг холис танқидий фикрни қабул қилишлари оғир эди. Гапларимни малол олаётганларини сезиб турардим. Аммо наилож, бадиий адабиёт талабларини мен ўйлаб топмаганман.

      Ҳожиакбар Шайхов асарларини ўқиб беришимни илтимос қилишганда дастлаб рози бўлдим. “Шарқ юлдузи”га тавсия этган фантастик қиссасини ўқиб, фикр-мулоҳазаларимни, таклифларимни айтдим. Таҳририят фикрларимни маъқуллаб, қўлёзмани муаллифга қайтарди. Ҳожиакбар бундан ранжимади, асарга қайта жило берди. Орадан қанчадир вақт ўтиб, унинг яқинларидан бири “Тоҳир Малик Ҳожиакбарни кўра олмайди”, деб, шу асар тақдирини мисол қилиб келтирибди. Ўшандан сўнг Ҳожиакбарнинг асарларини ўқимасликка ҳаракат қилдим. Бир куни унинг ўзи қўлёзмасини олиб келди:

      – “Гулхан”га берган эдим, Худойберди ака “Тоҳир ўқиб берсин”, – дедилар.

      – Худойберди ака фантастикани яхши тушунадилар-ку, бу ёғи – у киши билан ака-укадексизлар-ку?

      – Билмадим, тақриз керак экан, тартиб-қоида шунақа бўлган эмиш.

      – Ҳожиакбар, сиз ҳаваскор эмас, профессионал ёзувчисиз. Тақриз талаб қилишса, шуни айтинг.

      Ҳожиакбар табиатан ювош одам эди. Унинг биров билан тортишганини, кимгадир қаттиқ гапирганини кўрмаганман. “Худойберди аканинг сазалари ўлмасин, ёзиб бераверинг”, деб туриб олди. Шунда мен вақтим йўқлигини баҳона қилдим-да, “Кераксиз талабни фитна билан бартараф этиш мумкин”, дедим ҳазил оҳангида. Мен ўйлаган “фитна”га кўра, Ҳожиакбарнинг ўзи ўз асарига тақриз ёзиши, камина эса имзо чекиб бериши керак эди. Ростгўйликдан чекинишни истамаган дўстимни бу “фитна”га кўндириш осон бўлмади.

      – Мен-ку, мақтаб ёзаман, – деди у, – лекин тақризда камчиликлар ҳам кўрсатилиши керак-ку? Ўзимнинг асаримни ўзим қандай танқид қиламан?

Скачать книгу