АСАРЛАР (III жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (III жилд) - Сирожиддин Саййид страница 18
Қувончу ғам деган тарафлар бўлгай.
Лекин эл-юртим деб ёнган зотларга
Абадият қадар шарафлар бўлгай.
Бир тонгда ушалган армоним дедим,
Кетмас бўлиб келган давроним дедим.
МЕҲР
Бунчалар меҳрни ҳеч қайдан топмам –
Опам – кўнглим бўлди,
Кўнглим-чи – опам.
Дарду соғинчларга шунчалар сингдим –
Синглим – кўнглим бўлди,
Кўнглим-чи, синглим.
ФУРҚАТ БОБО ВА ФЕРМЕРЛАР ҚИССАСИ
Ўтиб кетди замонларнинг ёмони,
Замон бўлди ўзбекларнинг замони.
Ортда қолди қанча нурсиз паллалар,
Ўзимизга қайтди охир далалар.
Ҳур-ҳур эсиб Ҳурриятнинг шамоли,
Гўзал ёрдай очилди юрт жамоли.
Тракторлар тулпорлардай кишнаган,
Пайкаллар ҳам озод бўлди кишандан.
Шукр дейсан, шу беминнат нонинг бор,
Ўзингники бўлган ғалла, донинг бор.
Топган шаъну шукуҳингдир Истиқлол,
Энг аввало ҳуқуқингдир Истиқлол.
Ёру диёр ҳажрида бир замонлар
Фурқат бобо чеккан эди фиғонлар.
Мана энди, тақдир вафо қилсайди,
Ўз юртига букун қайтиб келсайди.
Кўзларидан ёшлар оқиб шашқатор,
Сажда айлаб ерга такрор ва такрор.
Туриб Қамчиқ довонидан боқарди,
“Шевролет”лар кўнглига ўт ёқарди.
Кўрарди у обод бўлган дилларни,
Қашқаргача кетган текис йўлларни.
Бу дунёда ҳар мулкнинг эгаси бор,
Оламларнинг эгаси Парвардигор,
Бу юртга ҳам қилиб чексиз иноят,
Эгасига бермиш уни ниҳоят.
Ҳар томонда пулдорлару мулкдорлар,
Жаҳон аҳли билан айлаб гуфторлар,
Бўш келмайин савдо-сотиқ бобида,
Эллар аро ўрнатмишлар робита.
Кўприклару шаҳру майдон, кўчалар…
Фурқат бобо завққа тўлди шунчалар.
Янги чаман, гулшанлардан гул олди,
Кейин дашту далаларга йўл олди.
Адирларни адирларга ошириб,
Буғдойзорлар уфқларга бош уриб.
Пахтазорлар қадр кўрган, қаралган,
Эгатлари қиз сочидай таралган.
Кўз ўнгида чўпчакми ё эртаклар?
Фермер бўлмиш аёллар ҳам эркаклар.
Юзларида далаларнинг чанги бор,
Ҳар бирининг ўз пули, ўз банки бор.
Савлатида зўр меҳнатнинг сурури,
Ўзимники деган фахру ғурури.
Изсиз кетмиш кўҳна дарду армонлар,
Кўкрак кериб сармоядор деҳқонлар,
Ерни жисму ўзни ерга жон қилмиш,
Ер шаънини шараф қилмиш, шон қилмиш.
Қанча ўсма кетди, яна қош қолди,
Бобо тағин кўзларига ёш олди.
Чалдиворлар, бўйраларни эслади,
Худбин, тўнгбош тўраларни эслади.
Оғринди кўп элга кўнгли берклардан –
Бирлашмаган амирлару беклардан.
Ўтиб