ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд. ТОИР МАҲМУД
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд - ТОИР МАҲМУД страница 32
Ер узум, омон узум.
Қирқ йилдан зиёд хўжаликка раҳбарлик қилиб тоғлар бағрида юзлаб гектарларда кўрки кўзларга сиғмас узумзорлар бунёд этишга бош-қош бўлган, Худо раҳмат қилгур Тоживай ота Ризаев кўксига юртбошимиз бекорга олтин юлдуз қадаб қўймаганлигига иймон келтирасиз. Қаҳрамон ота руҳи покига дуо қилиб, қўш қўллаб юзларингизни сийпайсиз. Шу қишлоққа кириб келаётиб ҳам катта йўл ёқасига арчалар, ноклар орасига экилган атиргулларга кўзингиз тушади. Кўксингизни куйдириб, дилингиз тубидан шукрона ҳайқириқ келади. Ери гул, осмони гул, ерида узум, осмонида узум бу юрт кимнинг Ватани? У сизники, у бизники, азиз Ватандош! Келинг, унинг тинчлигига, меҳру-муҳаббатимизни, қадру-садоқатимизни тумор қилиб тақайлик, токи битта гули, бир чимдим майсаси, бирон ниҳоли бевақт сўлмасин. Ободлик озодликнинг меваси. демак, озод юрт остонаси гулзор бўлади, елларининг этагини жаннат ифорлари тутган бўлади.
Шу йилнинг июнь ойи охирларида Фарғонанинг Чимёнида дам олаётган бир улфатимизни зиёрат қилиш мақсадида 8-9 қадрдонлар учта енгил машинада Водий сафарига чиқдик. Ёшлари олтмишдан ошган, аммо ўзи йигитлардек хушбичим, ғайрати танасига сиғмайдиган Паркентда «Топил дўхтир» номи билан шуҳрат қозонган акамиз сафар аввалидаёқ бир гапни таъкидлади:
– Водийни ниҳоятда гўзаллашиб кетгани ҳақида кўп эшитяпман. Келинглар, бир кеча дўстларимиз уйида бош қўяйлик. Гуллар шаҳри Наманганни шошмасдан бир айланайлик.
Хоразмча қилиб айтганда биз ёшуллимизнинг гапига кўндик. Тонгда Қўқон бозорига етиб бордик. Жаннат меваларининг ҳаммаси шу боғзорда. Иссиқ ноннинг исидан сармаст бўлиб нонушта қилдик. Қўқонда, Марғилонда, Тошлоқда ҳам бир нарсага иймон келтирдик. Водий-яшиллик олами, гўзаллик олами! Бу ўлкада бир туп терак кессалар ўрнига ўн туп экадилар. Раҳматли Муҳаммад Юсуф «Оқ терак ўлкам» деганда хўп топиб айтган экан.
Тошлоқда тунадик, Ёзёвон оша Наманган сари йўл олдик. Наманган шаҳрини бамайлихотир кўриш учун шофёрларимизга ҳазил аралаш бир таклиф айтдим. «Тўқсон ёшли нуроний машинада шошмасдан юрганда қанча тезлик билан юрса шундай ҳайдайсизлар. Токи нигоҳимиздан ҳеч нарса қолиб кетмасин, томоша томошадай бўлсин!» Шундай бўлди ҳам.
Наманган шаҳридаги ободлик кўзларга сиғиши душвор эди. Наманганликлар чеҳрасидаги мамнуниятдан масрур бўлганимиз шубҳасиз. Намангандаги озодалик уйида бахти бор одамларнинг этакларидан кўчаларга тўкилган гўзалликка ўхшарди. Улуғвор иморатлар дунёга бўйлаётган мустақил Ўзбекистоннинг бўйини кўрсатарди. Наманганнинг катта боғида хушсухан, хуш тавоъзе мезбонларнинг азиз меҳмони бўлдик. Йўлда келар эканмиз, дилдан ўтгани шу бўлди.
Бугун она Ўзбекистонимизнинг қайси бурчига борманг, оламшумул бунёдкорликларининг шоҳиди бўласиз. Яшнаётган гўшаларни, уни яшнатаётган фидойи инсонларни кўрасиз. Улар ўз Ватанига, халқига бўлган муҳаббатини жарангдор сўзларда эмас, балки пешона терида деб биладилар. Кам гапириб, кўп ишлайдилар, ОЗОД ўлкани ОБОД кўришни