ШАҲЗОДА ВА ГАДО. Марк Твен
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу ШАҲЗОДА ВА ГАДО - Марк Твен страница 5
– Сенинг исминг нима, йигитча?
– Ижозатингиз билан Том Кенти4, жаноб.
– Исминг ғалати экан. Қаерда истиқомат қиласан?
– Лондонда, ҳазрати олийларига маълум қилишга журъат этганим учун узр сўрайман. Мечкайлар растаси ортидаги Сарқитлар Ҳовлисида яшайман.
– Сарқитлар Ҳовлиси! Яна бир ғалати ном!.. Сенинг ота-онанг борми?
– Ота-онам бор. Мен унчалик ёқтирмайдиган бувим ҳам бор, – агар бу ишим гуноҳ бўлса, парвардигор ўзи кечирсин!.. Яна менинг опаларим ҳам бор – Нэн ва Бэт, улар эгизаклар.
– Назаримда, бувинг сенга меҳрибон эмас, шекилли?
– Бувимнинг ҳеч кимга меҳри йўқ, буни сиз аъло ҳазратларига айтишга журъат этганим учун маъзур тутасиз. Кампирнинг юрагида эзгуликдан асар ҳам йўқ, у бутун кунини фақат ёвузлик қилиш билан ўтказади.
– У сени ҳафа қиладими?
– Бувим фақат ухлаган пайтида ёки мусалласдан мияси карахт бўлган пайтдагина мени хўрламайди. Лекин онги жиндайгина тиниқлаша бошласа, мени икки баравар қаттиқроқ савалайди.
Ёш шаҳзоданинг кўзлари ғазабдан чақнаб кетди.
– Қанақасига? Урадими? – қичқириб юборди у.
– Худди шундай, эътироф этмоққа рухсат бергайсиз, аълоҳазрат!
– Савалайди! Сени-я? Шундай заиф, кичкина болани-я! Менга қара! Ҳали тун зулмати тушмасидан туриб, уни кишанлашади ва Тауэр зиндонига ташлашади. Менинг қирол отам…
– Жаноб, менинг бувим паст табақадан эканини унутдингиз чоғи. Тауэр зиндони эса зодагонлар учун.
– Орий рост! Буниси хаёлимга келмабди. Лекин бувингни қандай жазолашни ўйлаб кўраман. Отанг сенга меҳр кўрсатадими?
– У ҳам Кенти бувимдан кўра меҳрибонроқ эмас, тақсир.
– Ўзи ҳамма оталар бир хил шекилли. Менинг падари бузургворим кўнгли бўшлардан деёлмайман. Мушти ҳам оғиргина, лекигин менга қўл кўтарган эмас. Аммо ростини айтсам, ўхшатиб бўралатиб сўкишдан унчалик ўзини тутиб ўтирмайди. Онангнинг сенга нисбатан муносабати қандай?
– У меҳрибон, тақсир, менга ҳеч қачон изтиробни ҳам, уқубатни ҳам раво кўрмайди. Нэн билан Бэт ҳам менга онам каби ғамхўр.
– Улар неча ёшда?
– Ижозатингиз билан, ўн бешда, жаноб.
– Менинг опам, ойимқиз Элизабет ўн тўрт ёшда. Жейн Грей, тоғамнинг қизи мен билан тенгдош; улар икковлари ҳам ёқимтой ва оқкўнгил қизлар; лекин менинг яна бир опам – ойимқиз Мэри жуда баджаҳл, юзи бирам тунд… Айтгин-чи, сенинг опаларинг чўриларнинг кулишини тақиқлашадими? Кулган одамнинг руҳи гуноҳ билан ифлосланармиш.
– Менинг опаларим-а? Тақсир, сиз уларнинг чўрилари бор деб ўйлаяпсизми?
Шаҳзода митти гадоваччага бир муддат ўйчан тикилиб турди, кейин астагина деди:
– Марҳамат қилиб айтгин-чи, улар чўриларсиз