СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СИЁСАТШУНОСЛИК - Муқимжон Қирғизбоев страница 42
Шунингдек, сиёсий ҳаётда фаолият кўрсатувчи ҳаракатдаги тизим, яъни сиёсатнинг турли хил жиҳатлари ва сиёсий воқеликлар ўртасида нисбатан барқарор бўлган ўзаро алоқадорликлар ҳам мавжуддир. Тизимли тадқиқ этиш усули назариясига биноан, ўзаро ҳаракатлар жараёнлари уч циклга бўлинади: кириш (input), конверсия – ўзгариш, айланиш (conversion), қайта ўзгартириш ва чиқиш (output). Сиёсий тизимнинг чегараси торайиб ёки кенгайиб туриши мумкин. Индивидуумлар жамиятда қатор тизимлар ва кичик тизимлар субъектлари сифатида иштирок этишлари, уларнинг амалда сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа ўзаро муносабатлар ва боғлиқларга эга бўлганлиги туфайли кўп шаклли тизимлар турли-туман ролларни ижро этади.
Индивидуумлар сиёсий тизимда дастлаб фуқаро-сайловчи ролини бажаради. Сайлов кампанияси даврида сиёсий тизим чегаралари кенгаяди, яъни фуқаролар ўзларининг бевосита ишларини камайтириш эвазига сиёсий тизим чегараси чизиғини “босиб ўтадилар”. Шунингдек, уруш пайтларида ҳам сиёсий тизим чегаралари сезиларли даражада силжийди: кишиларнинг кўпчилиги ҳарбий хизматга жалб этилади, турли хил ташкилотлар, корхоналар фаолияти мувофиқлаштирилади, ички хавфсизликни сақлашнинг янгидан-янги тадбирларини амалга оширишга зарурият туғилади.
Ҳозирги даврга қадар сиёсий фанларда сиёсий тизимнинг умумлашган универсал таърифи яратилмаган бўлса ҳам “сиёсий тизим” тушунчаси билан бевосита боғланган ҳокимият ва сиёсатни аниқлашга доир турли хил ёндашувлар шаклланди. Шу билан бирга, сиёсий тизимнинг барча талқинлари учун умумий бўлган тавсифи шаклланди: сиёсий тизим жамиятда қонунлаштирилган жисмоний итоат эттиришни қўллаш билан боғлиқ ҳолда талқин этилади. Ҳар бир талқинда сиёсий тизимнинг қонуний ҳуқуқи жазолаш, мажбурлаш ва бўйсундиришдир, деб қайд этилади. Лекин масалага чуқурроқ кириб борилса, сиёсий тизимнинг куч ва мажбурлаш билан боғланмаган хатти-ҳаракатлари ҳам кўзга ташланади. Унинг бу каби хусусиятлари фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларига монанд ҳолда янада кўпайиб бормоқда89 .
Сиёсий тизим жамият ҳаётининг институтционал-ҳокимият асоси, уни уюштирувчи ва йўналтирувчи омили сифатида намоён бўлади. Сиёсий тизим сиёсий ҳаётни характерловчи асосий тушунчаларни бир бутун ҳолда тасаввур этиш имкониятини яратади. Сиёсий тизим сиёсат субъектларининг аниқ тарихий шаклларини ўзида ифодалаб, уларнинг ўзаро сиёсий муносабатларини маълум даражада жамлаб, қатъий равишда тартибга солади, расмийлаштиради ва сиёсий фаолиятнинг маълум чегараларини белгилаб беради. Сиёсий тизим мураккаб тузилмадан иборат бўлиб, у жамиятни ягона организм сифатида яшашини таъминлаш ва сиёсий ҳокимиятни марказлашган тарзда бошқариш, шунингдек ҳокимиятни амалга ошириш ёки уни эгаллаш ва ундан фойдаланиш воситасида сиёсат субъектларининг умумий