Ишққа оид 40 қоида. Элиф Шафак
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ишққа оид 40 қоида - Элиф Шафак страница 7
«Жуда кўп кўрсаткичларга кўра, йигирма биринчи аср ўн учинчи асрдан унча катта фарқ қилмайди. Ҳар иккисининг ҳам тарихига динлараро мисли кўрилмаган нифоқлар, маданиятлараро тушунмовчиликлар, ҳимояланмаганлик ва нариги дунёдан қўрқув ҳислари бирдай хосдир. Бундай вақтларда ишқ туйғуси одамларга ҳар қачонгидан кўпроқ керак».
Бирдан салқин ва кучли шамол туриб, эшик олдига дарахтларнинг тўкилган япроқларини сочди. Қуёш горизонт ортига ўтган ва теварак-атроф зерикарли ва ғамнок бўлиб қолди.
«Ишқ ҳаётнинг моҳияти ва мақсадидир. Румий бизга эслатганидай, у ҳаммани, ҳатто ундан ўзини сақловчиларни ҳам, «романтик» сўзига салбий маъно берувчиларни ҳам забт этади».
Элла бу сатрларни ўқир экан: «Эртами ёки кечми ишқ ҳаммани, ҳатто Нортгемптондаги Элла Рубинштейн номли ўрта яшар уй бекасини ҳам забт этади» дея ўқигандай бўлди.
Унинг ички туйғуси қўлёзмани ўқишдан тўхташга, Мишелга қўнғироқ қилиб, бу роман ҳақида ёзмаслигини айтишга ундар эди. Бунинг ўрнига Элла оғир хўрсиниб қўйди, кейинги саҳифани очди ва ўқий бошлади.
А.З. Захара
«ШИРИН ШАККОКЛИК»
Сўфийлар Қуръоннинг биринчи – «Ал Фотиҳа» сурасига ва унинг биринчи «Бисми Аллаҳи Ар-Раҳмони
Ар-Раҳим» (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) оятига жо бўлган сир ҳақида гапирадилар.
Ва Бисмиллоҳнинг моҳияти «ба» ҳарфидир.
Ва «ба» ҳарфи остида нуқта бордир.
Бутун коинот мана шу «ба» ҳарфи остидаги нуқтададир.
«Маснавийлар «Б» ҳарфидан бошланади.
Романнинг ҳар бир боби ҳам шундай бошланган…
СЎЗБОШИ
Диний зиддиятлар, сиёсий баҳслар ва ҳокимият учун олиб борилган тинимсиз курашлар туфайли ўн учинчи асрда Анатолияда аҳвол жуда суронли эди.
Ғарбда салибчилар Иерусалимга кетаётиб, Константинополни (Римнинг шарқий империяси – Византиянинг пойтахти бўлган ҳозирги Истанбулни) босиб олган ва талон-торож қилган эдилар, бу эса Византия империясининг инқирозга юз тутишига олиб келган эди. Шарқдан эса ҳарбий даҳо Чингизхон бошчилигидаги қўшин жадал олға силжиб келаётган эди. Марказда эса, Византия ўзининг йўқотган куч-қудратини қайта тиклашга уринаётган чоғида, турк қабилалари ўзаро жанг қилишарди. Бу христианлар христианлар билан, христианлар мусулмонлар билан, мусулмонлар мусулмонлар билан жанг олиб бораётган бемисл хаос (бошбошдоқлик, тартибсизлик) даври эди. Қаёққа қараманг, ҳаммаёқдан нафрат ва азобу уқубат, боз устига келажак ваҳимаси ҳам уфуриб турарди.
Мана шу хаоснинг марказида таниқли ислом уламоси Жалолиддин Румий яшар эди. Уни Мавлоно – «Устоз» деб атар эдилар, чунки Коньянинг ўзида ва ундан ташқарида унинг минглаб шогирдлари бор эди ва барча мусулмонлар уни ўзларининг йўлчи юлдузлари деб ҳисоблар эдилар.