Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қуёш ботаётган пайт - Хабиб Темиров страница 18
– Сен, ошна, ўзингни у ёқ-бу ёққа уриб юрма, – деди мактабни битираётганида унга ўқитувчиси. – Ойнаи жаҳонда кулги кўрсатуви бор. Бир бало қилиб шунга илиниб ол. Нонинг бутун бўлади.
– Унинг учун театр мактабида ўқиш керак эмасми, муаллим, – деди Абдуҳаким ўзича ақлли гап гапираётганига ишончи комил бўлиб. – Ахир, кулгихонагаям дуч келган кишини олавермаса керак.
– Э-э-э, қизиқ экансан! Сенга институтда нима бор. Сенга билим нима керак. Анқайиб тураверсанг бўлди. Шунинг ўзи кулгили.
Абдуҳаким довдир бўлишига қарамай, жудаям нафсониятли, иззат-нафси нозик йигит эди. У нописандликни, кибру-ҳавони сира-сира ҳазм қила олмасди. Бундай кезларда унинг довдирона гапи шунчалик аччиқ бўлардики, бундай гапдан ана-мана деган илон пўст ташлаб юборарди.
– Тўғри айтасиз, ўқиш агар сиз ўқиб келган ўқиш бўлса, одамнинг бор ақлиниям еб қўяр экан. Ундай ўқишда афандининг эшаги ўқисин. Менга, ўзингиз айтганингиздек, кулгихона маъқул экан.
Ўқитувчи қизариб, бурни терлаб кетди.
– Сен қурғурда ўжарликданам бир қамчи бор-ку! Э, шумшаймай кет, касофат довдир. Сени кулгихонага эмас, ажойибхонага юбориш керак. Жониворларнинг тагини тозалаб юрасан. Тур, жўна, чиқиб кет! Сен билан валақлашиб ўтиришга вақтим йўқ. Шум етим!
Ўқитувчи довдирнинг тилидан яна бир томчи заҳар томишини ва ўзининг бурни-ю, яна бошқа жойлариям терлаб кетишини билгани учун бу балойи азимдан тезроқ қутулиш чорасини кўрганди. Ҳаким бўлса, кетар жафоси қилиб яна битта ташламоқчи бўлди-ю, лекин шайтонга ҳай берди.
Тақдирнинг ўзи Ҳакимнинг мушкулини осон қилди. Тирикчилик важидан у қишлоқ подасини боқди. Кейин совхоздан бир қўра қўй олди-ю, кимсасиз яйловга чиқиб кетди. Даралар қўйнида у ҳеч кимни масхара қила олмас, кимсанинг кўнглини ранжитолмас, қўйларга ҳарчанд қалтис гапирма,