Чол ва денгиз. Эрнест Миллер Хемингуэй
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Чол ва денгиз - Эрнест Миллер Хемингуэй страница 3
– Менга қара, саксон беш рақамли лотерея билетини сотиб олсак-чи, нима дейсан? Ахир, эртага саксон бешинчи кун-ку!
– Олсак, олаверамиз-да, – деди бола. – Балки саксон етти рақамлиги яхшидир? Ахир, ўтган гал саксон етти кун бўлган эди-ку.
– Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди. Сен саксон беш рақамли билетни топа оласанми?
– Қидириб кўраман.
– Бир дона. Икки доллару эллик центлигидан. Буни қаердан қарз олсак экан?
– Бундан осони йўқ. Мен икки доллару эллик цент-ни хоҳлаган вақтимда қарз олишим мумкин.
– Оламан десам, мен ҳам иложини қилардим-у, бироқ мен қарз олмасликка ҳаракат қиламан. Олдин қарз оласан, кейин садақа сўрайсан.
– Эҳтиёт бўл, қария, тағин шамоллаб қолмагин. Сентябрь эканлигини унутма.
– Сентябрда йирик балиқ кўпаяди. Май ойида балиқ овлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади.
– Хўп, бўлмаса, мен сардинни тўғрилаб келай, – деди бола.
Бола қайтиб келганда, кун ботган, чол эса курсида ўтирганича, уйқуга кетган эди. Бола каравотдан эски солдат кўрпасини олиб, курси суянчиғи аралаш чолнинг елкасини ёпиб қўйди. Бу елкалар чолнинг кексайиб қолганига қарамасдан забардаст, бўйни ҳам, ундан қолишмайдиган даражада бақувват ва ҳозир, чол бошини кўкрагига солинтириб ухлаган тобда, ажинлари ҳам у қадар кўзга ташланмас эди. Унинг кўйлаги ҳам худди елканидай қирқ ямоқ бўлиб кетган, ямоқлар қуёш тафтидан ола-була тусга кирган эди. Аммо чолнинг юзи ҳарқалай анча қаримсиқ бўлиб қолган ва ҳозир кўзлари юмулиб уйқуга кетганда, худди жонсизга ўхшаб кўринарди. Чолнинг тиззасида, учиб кетмасин деб, тирсак билан босиб олинган газета ётарди. У оёқ яланг эди.
Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб келганда, чол ҳамон уйқуда эди.
– Тур! – уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди. Кейин у жилмайди.
– Нима олиб келдинг?
– Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.
– Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
– Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
– Баъзан шундай ҳам бўлган, – деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг у кўрпасини йиғиштира бошлади.
– Кўрпани йиғиштирма, – деди бола. – Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб, сени балиқ овлашга қўймайман.
– Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин, – деди чол. – Қани, нима еймиз.
– Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У санчқи, пичоқ ва қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳидаалоҳида қоғоз салфеткаларга ўралган эди.
– Шунча нарсани сенга ким берди?
– Ресторан хўжайини, Мартин.
– Унга раҳмат деб қўйиш керак.
– Хотиржам