Арвоҳ жазман. Нигина Ниёз
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Арвоҳ жазман - Нигина Ниёз страница
Институтни битирганидан бери шу машмаша – уйлантирамиз, тамом-вассалом! У ёғи билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Агар уйланиш уйлик бўлишни билдирса, уйнинг ўзи йўқ-ку, қандай уйланади. Ёз илиқ-иссиқ кунларда равон айвонга келин туширишармиш-да, унгача Шоислом шўрлик иморатни қанқайтириб, қишгача томини ёпиб олармиш… Унга пул қани… «Ҳой, шошманглар, мен пул топай, иморат қилай, ана ундан кейин келин келсин, сепини ёйиб» деса, отаонаси унамаяпти. «Унгача болалари катта бўлиб турармиш…» «Нима, болаларим ҳовлида туғиладими?!» деса, отаси сўкиб ташлайди. Акасини ҳам шунақа қилиб уйлашганди. Энди ҳар куни жанжал.
Тайинли бир иши йўқ, уйлаб қўйишди. «Мен аввал иш топай» деса, кўнишмади. Энди: «Иккита боланинг отаси бўлдинг. Ўзингни бола-чақангга қўшиб боқишимиз керакми?! Падарлаънат, қачон буларни ўйлайсан!», деб сўкиш эшитгани эшитган. Йўқ, у акасининг хатосини такрорламайди. У бошқа, акаси бошқа. Бир куни нарсаларини сумкага солиб чиқди.
– Ҳа, йўл бўлсин! – деди отаси кинояли.
– Иш топаман! – деди у қисқа қилиб.
Шу баҳона Тошкангга қочиб қолди. Мана энди олий маълумотли йигит тунда чиқиб юк ташийди. Иккита шеригиям бор. Улар билан бирга туради. Яхши одамлар, иккиси ҳам оилали. Иброҳим аканинг бешта боласи бор. Катта қизини узатиши керак экан. Шунга-да, пул топаман деб чираниб ётибди. Иккинчиси Азамат полвон – тенгдош. Ўқиб бош қотиргунча, иккита «диплом»ни тайёрлаб қўйибди – яъни бири қиз, иккинчиси ўғил! Армиядан келиши билан уйлантиришибди, бечорани.
– Аслида йигит кишини ҳали аҳмоқлигида уйлантириб қўйиш керак, – деди Иброҳим ака вазмин.
– Бир куни бир йигит отасидан сўрабди: «Ота, бахт нима?» Ўшанда отаси йигитга бундай деб жавоб қилган экан:
– Уйланганингдан кейин биласан! Лекин унда кеч бўлади!
Ҳаммалари яйраб кулишди.
– Умуман олганда бир инсон эмас, қурт-қумурсқа ҳам тиним билмайди-ку, тирикчилик ғамида. Бу дунё шунақа дунё экан-да! – деб қўйди Иброҳим ака.
Шу кичкина тор хонага, учта каравот қандай сиққан Шоислом ҳайрон. Кираверишда овқатланишади, ювинишади ҳам. Ўрисларнинг уйи бўлса керак, каталакдай қилиб қурилган. Эгаси ҳар ўн беш кунда пулни қуртдай санаб кетади, шароити бу. Шериклари бўлса шу ерда ҳам жиғига тегишади.
– Анов қўшни, Шокир аканинг қизи ёмон эмас-а! – деб қўяди Иброҳим ака кўз қисиб.
– Маниям бир синглим бор, Шоислом, – гапга қўшилади Азамат. – Бир гаплашмайсанми?!
Шоислом оқ эмасми, қулоғигача қизариб кетади.
– Э, бу ердаям шу гапми?! Уйланмайман, дедим-ку! Ҳозирги қизларга уйланиш учун аввал пул босадиган цех очиш керак!
– Ҳм, уйланмасмишлар, – кулади Иброҳим ака. – Уйланмаганингга қўядими, бу қизлар?! Билмайсан-да, бу қизталоқларни!
– Гўл ҳали бу! – юзига ақлли тус бериб дейди Азамат. – Пишиши керак, – кулишади.
– Омма, пул цехи ҳақида роса топиб айтдинг-да, йигит. Ҳозиргиларнинг нафси-ё! – Иброҳим ака ўйга толди. – Биззи довур бошқача эди. Битта кўйлак билан куёв бўлганмиз. Янгангизга иккита кўйлак қилиб олганмиз. Шундаям ундайбундай демаган. Ҳа… Битта намат, тўртта кўрпача!
– Назар солганинг борми ё? – сўради Азамат. – Жа, оёқ тираётганингга қараганда шундайдир…
Шоислом жим қолди.
– Эрга тегиб кетган, аллақачон! – деди у чуқур сўлиш олиб.
Шу сафар поезд вақтида келмай, анча кутиб қолишди. Боз устига Иброҳим ака билан Азамат байрамолди «йўлни ёпиб қўяди» деб уйга вақтлироқ кетишганди. Ўнда келадиган поезд ўн иккида келса-да! Йигит шўрлик тонготар юк ташиди. Тўғри унга иккита қозоқ йигит ҳам кўмаклашди. Бироқ Азамат билан Иброҳим аканинг ўрни бошқа эди-да!
Ҳаво дим, тун бўлсаям, нафас олиш қийин. Гўё уни бочкага солиб, қопқоғини ёпиб қўйгандай. Тер қуйилиб кетяптики, Шоислом артиб улгурмаяпти. Шу аҳволда бирон қиз ёки уйланиш ҳақида орзу қилиш мумкинмикин?! Умуман, кинога боришга ҳам вақт йўқ. Фақат иш, иш… Бунақада одам ҳамма нарсадан совиб кетаркан.
Ҳар сафар смена тугагач, ювиниб йўлга тушар ва биронбир зодагоннинг ўғли бўлиб қолишни орзу қиларди. Ўшанда тунда юк ташишга мажбур бўлмасди. Хориж маркали машинада бирон катта корхонага, олифталарнинг тили билан айтганда «офис»га йўл оларди. Қизлар атрофида гиргиттон бўларди.
Умуман, Шоислом келишган йигит. У қизларга ёқишини билади. Лекин феъли… Айниқса, қизларга кўп қўрслик қилади. Йўқса, бўйнига осилиб олишади-да! Ҳайдаб ҳам кетказолмайсиз. Гуруҳида бир «землячка» қиз бўларди. Бир куни Шоислом уйида йўқ, ўша қиз келиб ётиб қолибди! Онасига ўғлингизни яхши кўраман, деб йиғлаб берибди. Овқат қилиб, сомсаларигача пишришиб юборибди. Келса, онаси айланиб-ўргилиб ўша қизни