Қадр кеча қатралари. Рахима Шомансурова
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қадр кеча қатралари - Рахима Шомансурова страница 4
Ўзи жажжигина бўлган бу чечак қалбимда катта ўйлар уйғотади. Ёнимдагиларга – «Зулфияхоним қизлари»га қарайман. Ҳар йили даврамиз яна ҳам кенгайганини сезаман. Назаримда, улар дилидан ҳам КАТТА ўйлар кечаётганга ўхшайди. Ёрқин, Эзгулик, Истиқбол ва Истиқлол ўйлари! Бу ўйларни шу чечак каби бокира асраб қолишда бизга Зулфия опамлар ва шу хонадондан тўйиб симирганимиз ажиб бир кўтаринкилик руҳи мадад беради.
«ЗУЛФИЯХОННИНГ ҚИЗИ»
Арпапоя кўчасидаги тушунтирилган дарвозани қоқдим.
Эшик очилиб, қаршимда тўладан келган, майда тароқ қора атлас кўйлак кийган, кўзлари кулиб турган аёл пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум! Домла Ғафур Ғуломнинг уйларими? – сўрадим аста.
– Ваалайкум ассалом! Адашмадингиз, қизим, Ғафур Ғуломнинг уйлари, – менга ажабтовур куч бергувлик бир илиқлик билан жавоб берди аёл. – Қани, ичкарига марҳамат қилинг!
Гулу райҳонлар бош эгиб турган узун йўлкадан бораборгунча мен «Саодат» журналининг топшириғи билан келганимни, Мавлоно ваъда қилган шеърни олиб кетишим кераклигини тушунтирдим.
Муҳаррам опа (Ғафур Ғуломнинг умр йўлдошлари исмини Зулфия опамлар жуда иззат билан айтган эдилар) мени ёруғ ва шинам меҳмонхонага олиб кирдилар-да ўзлари тепага, Ғафур Ғулом ижодхонасига кўтарилдилар. Атрофга назар солар эканман, зина тепасидан у кишининг майин овозлари эшитилди:
– Зулфияхонга шеър ваъда қилган экансиз, олиб кетгани қизларини юборибдилар…
«Зулфияхоннинг қизи»… Ичимдан қандайдир иссиқ тўлқин кўтарилгандек бўлди. Сезиб турибман – юзларим ёниб кетаяпти.
– Ҳа, телпунда Зулфиябегим билан гаплашгандим. Озгина чаласи бор. Меҳмон қизни чой билан сийлаб турасиз, мен битириб берай…
Бу минбарлардан, радиодан кўп бора эшитганим, талай кишилар овози ичидан бехато ажратиб олса бўладиган Ғафур Ғуломнинг ўзига хос таниш овозлари эди. «Телпун» ҳам Ғафурона ибора.
Муҳаррам опа қайтиб тушиб столга дастурхон ёза бошладилар. Мен раҳмат айтиб, овора бўлмасликларини, агар ижозат берсалар, ҳовлидаги чиройли гулларни томоша қилмоқчи эканимни айтдим.
Муҳаррам опа илтимосимга жуда илиқ кулиб розилик бердилар. Кейин билсам, бу гулларнинг аксариятини у кишининг ўзлари ўтказиб, ҳаммасининг ўзига хос инжиқлигига қараб парвариш қилар эканлар. Анча суҳбатларини олдим.
Шеър битиб, Ғафур ака пастга тушганларида биз Муҳаррам опа билан ошхонада тушликка манти тугаётган эдик. Ғафур Ғулом саломимга алик олгач, билмадим ўзлари бот-бот «Саодат» га борганларида ўша ерда мени кўрган бўлсалар, таниганларига шаъма қилибми ёки аллақачон Муҳаррам опа билан апоқ-чапоқ бўлиб олганимдан мамнун бўлибми, Ғафурона думалоқ қилиб ўралган шеърни менга узатар эканлар:
– Ҳа, ҳақиқатан Зулфиябегимнинг қизи экан, – дегандилар.
«Зулфияхоннинг қизи»… Ҳамид Олимжоннинг волидаи