Гладиолус. Маматқул Хазратқулов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Гладиолус - Маматқул Хазратқулов страница 17
– Олинг, конфет билан ичинг. Ёки озгина коньяк қуйиб берайми кофега?
Азиза шкафнинг қайсидир бўлмасидан чиройли шиша олди.
– Бу тоза коньяк. Озарбайжонларники, “Кўккўл”. Кофега озгина қўшилса, жуда хушхўр бўлади, кайфиятни кўтаради.
Коньякни таърифлаш жараёнида аввал Жалилнинг финжонига, кейин ўзиникига қуйди коньякдан.
– Ичиб кўринг, ёқади сизга.
Жалил хижолатомуз кулди. Коньяк аралаш қаҳванинг ёқимли ҳиди томоғини қитиқлади.
– Коньяк ичиб олсак, таржимани ким кўради?
– Ўн грамм коньякка маст бўлиб қолмассиз, – деди Азиза маънодор кулиб. Шоирлар ичиб олиб ижод қилади, дейишади-ку.
– Биз шоир эмасмиз-ку.
– Шунинг учун озгина, яна кофега аралаштириб ичаяпмиз-да… Парво қилманг, ҳаммасига улгурамиз, – деди. Бироз тин олди. – Жалил, аввало сиздан миннатдорман. Китобни таржима қилишга рози бўлганингиз учун. Яширмайман, биринчи боб таржимасини устозимга кўрсатдим. У киши профессор, ўзбек ва рус тилларини жуда яхши билади. Таржимангизни ўқиб, тасанно айтди. Музика ҳақидаги китобни бу қадар ширали, оҳангдор таржима қилиш ҳар кимнинг қўлидан келмайди. Худо хоҳласа, китобингиз қўлма-қўл бўлиб кетади. Менинг номимдан таржимонга раҳмат айтинг, деди.
– Миннатдорман, сизга маъқул бўлганидан хурсандман. – Қаҳва ҳўплади. – Қаҳва ҳам, коньяк ҳам яхши экан. Дидингизга қойилман.
Азиза кулди:
– Раҳмат…
Жалил яна қаҳва ҳўплади-да, суҳбатдошига юзланди.
– Азиза… – биринчи марта “опа” демади. Бунга Азиза ҳам эътибор берди, аммо билдирмади. – Агар тўғри тушунсангиз, бир нарса сўрамоқчи эдим.
– Бемалол…
– Танишганимизга, аниқроғи, ҳамкорликда ишлаётганимизга анча бўлди… Қизингиз ҳақида икки-уч гапирдингиз, аммо унинг дадаси тўғрисида бирон марта ҳам оғиз очмадингиз. У киши (негадир эрингиз дегиси келмади) нима иш қилади?
Аёлнинг хандон чеҳраси бироз тундлашди. Кулиб турган кўзларига маъюслик югурди. Жалилга бир қараб олди-да, кўзини олиб қочди. Индамай қаҳва ичди. Жалил ноўрин гапирганини англади.
– Узр, кўнглингизга теккан бўлсам кечиринг…
– Йўқ-йўқ, – деди Азиза. – Зарари йўқ. Шундай савол беришингиз табиий… Биласизми, очиғини айтаман, сиз билан қанчалик яқинлашганимиз сари шу темада гап очиб қолмасайди, деган хавотирим ошиб борди. Лекин…
Йигит унинг гапини бўлди:
– Истамасангиз айтманг… Мени кечиринг…
Жувон ўзини қўлга олди. Энди чеҳрасию кўзларидаги маҳзунлик ўрнини бояги хуш кайфият эгаллади.
– Хижолат бўлманг, Жалил… Аслида ман шу темада гапиришни ёқтирмайман…
– Ундай бўлса…
Жалилнинг гапиришига имкон бермади.
– Лекин сизга айтаман… Ҳа, айтаман… Негадир сизни кўп йиллардан бери биладигандайман. Рости сиз сўрамасангиз ҳам, айтмоқчи эдим. Фақат қачон айтишни ўйлаб юргандим. Мана,