Жавдарзордаги халоскор. Дж. Д. Сэлинджер
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Жавдарзордаги халоскор - Дж. Д. Сэлинджер страница 7
Жаноб Спенсернинг уйидан кейин ўз хонамга келиш бирам ёқимли эди. Сабаби ҳамма стадионда футбол томоша қилаётганди, қолаверса, кўчада изғирин, хонанинг иситиш тизими ёқиб қўйилганди. Ўзимни қулай ҳис эта бошладим. Палтомни ва бўйинбоғни ечиб, кўйлагимнинг юқори тугмаларини бўшатдим. Кейин ўша куни эрталаб Нью-Йоркдан сотиб олган қалпоғимни бошимга қўндириб олдим. У овга кийишга мўлжалланган қизил қалпоқ бўлиб, соябони жуда кенг эди. Метродан чиқиб ўша лаънати рапираларни унутиб қолдирганимни билиб қолганимдан кейин кўп ўтмай спорт дўкони ойнасидан шу қалпоққа кўзим тушди. Атиги бир доллар экан. Қалпоқнинг орқа тарафини олдга қаратиб кийиб олдим. Тўғри, тан оламан, қалпоқларни бундай йўсинда кийиш урфдан қолган. Лекин менга шунақаси маъқул эди. Чунки менга шу ярашарди. Кейин қўлимга ўқиб юрган китобимни олдим-да, ўриндиққа чўкдим. Ётоқхонадаги ҳар бир бўлмада иккитадан ўриндиқ бор эди. Уларнинг бири меники, иккинчиси эса хонадошим Уорд Стредлейтерники эди. Ҳамма айланиб келиб ўриндиқнинг қўл қўйишга мўлжалланган икки ёндаги тутқичларига ўтираверганидан улар қийшайиб, бир аҳволга келиб қолган, шунга қарамай, ўриндиқларнинг ўзи анчайин қулай эди.
Мен ўқимоқчи бўлган китобимни кутубхонадан адашиб кўтариб келган эдим. Хонага қайтиб келгунча улар менга бошқа китобни бериб юборишганини сезмабман ҳам. Бу Исак Динесеннинг “Африкадан ташқарида” номли китоби эди. Бошида бир пулга қиммат деб ўйлагандим, дуруст китоб чиқиб қолди. Унчалик ўқимишли эмасдирман, лекин-чи китоб титишни, ўқишни канда қилмайман. Севимли ёзувчим, биринчи навбатда, акам Д. Б.ни, ундан кейин эса Ринг Ларднерни мириқиб ўқийман. Пенсига келмасимдан бироз аввал акам туғилган кунимга Ринг Ларднернинг китобини совға қилганди. Унда кулгили ва қизиқарли пьесалар, шу билан бирга, нуқул тезликни ошириб юрадиган ёқимтой қиз ва унга ошиқ бўлиб қолган йўл назоратчиси ҳақидаги ҳикоя ҳам бор эди. Лекин ўша назоратчи оилали бўлгани учун севган қизига уйлана олмайди. Кейин эса қиз автоҳалокатда вафот этади. Чунки у доим катта тезликда юрар эди-да. Хуллас, ўша ҳикояни ўқиб маза қилгандим. Энг яхши кўрганим – ҳеч бўлмаса баъзи жойларида кулгили саҳнаси бор китоблар. Классик адабиёт намуналаридан ҳам ўқиб тураман, масалан, “Ватанга қайтиш” романини ўқиганман. Менимча, бунақа асарлар ҳам чакки эмас. Бундан ташқари, уруш ҳақидаги ва детектив асарларни ҳам канда қилмай ўқиб тураман. Лекин, биласизми, уларни ўқиб унчалик ҳам маза қилмайман-да. Ўқиб тугатишинг билан қани энди шу асарнинг муаллифи менинг қадрдон дўстимга айланиб қолса-ю, истаган пайтим унга қўнғироқ қилиб гаплаша олсам, дея хаёлга берилтирадиган китоблар – мана шунақалари ўзига тортади. Бунақаси кўп ҳам учрайвермайди. Масалан, Исак Динесенга қўнғироқ қилишга йўқ демасдим. Ринг Ларднерга ҳам телефон қилган бўлардим-у, лекин акамнинг айтишига қараганда, у ўлган экан. Энди Сомерсет Моемнинг “Инсоний