СЎЗ. Одил Ёқубов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ - Одил Ёқубов страница 25
Ёдимдан кўтарила бошлаган қозоқ дўмбирасининг ўйноқи куйлари, қозоқ йигит-қизларининг дилрабо қўшиқ ва ўланлари қулоқларим остида қайта янграгандай туюлди. Ёзувчи ўз халқининг удумлари, расм-русумларини шундай тиниқ бўёқлар ила чизган, қаҳрамонларини эса ўз фарзандларидек шундай чуқур меҳр билан тасвирлаган эдики, улар ҳатто менинг ҳам худди ўз онам, бувим, ака-укаларим, тоға-жиянларимдай ўзларига ром қилиб қўйди.
Мухтор Авезов тасвирлаган Абайнинг ажиси (бувиси) Зери кампир менинг меҳрибон бувимнинг ўзгинаси эди. Зери бувининг ҳамма қилиқлари, ёш Абайга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати, бирда бир ҳовуч қанд-қурс, бирда бир ҳовуч…, хуллас топгантутганини Абайга бериб, эркалашлари, қулоғига ўлан айтиб ухлатишлари, ҳамма-ҳаммаси марҳум бувимнинг ўзгинаси эди.
Зотан, «Абай» романидаги аёллар образи жаҳон адабиётидаги энг гўзал, энг мафтункор образларни эслатади. Абайни ўз хоҳишига зид равишда севмаган қизига уйлантиришлари ва бунинг оқибатида ҳар иккаласининг фожиавий аҳволига мубтало бўлишлари нимаси биландир Отабек, Зайнаб воқеаларини эслатади. Абайнинг илк севгилиси Тўғжон эса, ҳам севгиси, ҳам ҳаётининг воқеий интиҳоси жиҳатидан Кумушбибини эслатади.
Мен кейинчалик Мухтор Авезовнинг «Менинг биринчи устозим Абдулла Қодирий эди», деган сўзларини ўқиганимда, Абай дийдорига етолмай, ҳаётдан кўз юмган Тўғжонни эсладим.
Умуман, Абай эмас, романдаги севги тасвири Тўғжон ва Ойгеримга бағишланган саҳифалар ўзининг мусаффолиги, самимийлиги, кўркамлиги билан пок муҳаббатнинг энг юксак тимсоли даражасида кўтарилган дейиш мумкин.
Албатта, Мухтор Авезов фақат лирик тасвирлар устаси бўлганда, у ўз халқининг бадиий қомусини ярата олмас эди. Мухтор Авезов, авваламбор, қозоқ халқини акс эттира олган, унинг босиб ўтган улкан ва мураккаб йўлини эпик планда ва бадиий юксак савияда чизиб бера олган ёзувчидир. Агар ёзувчи қозоқ адабиётининг классигини фақат бир томонлама – ёшлиги ва ўспиринлик давридаги муҳаббатинигина тасвирлаш билан кифояланса – бу тасвир қанчалик нозик ва нафис бўлмасин, у кичик кўламдаги ёзувчи бўлиб қолар эди.
Мухтор Авезовнинг буюклиги шундаки, у қозоқ халқи ҳаётининг энг драматик пайтларини тилга олиб, фожиавий ва эпик образлар яратади. Буни, авваламбор, Кунанбай образи орқали кўрамиз. Кунанбай – бепоён қозоқ даштининг қиличидан қон томган бийи. У шафқатсиз, бир кўзли, ҳудудсиз қозоқ даштида истаган ҳукмини ўтказа олар эди. Унинг амри нафақат, бировларнинг молини боқиб, аранг кун кечирадиган қозоқ қўйчивонлари ва туякашлари, чўпон-чўлиқлари учунгина эмас, балки манаман деган бойлар, беклар учун ҳам қонун, унинг дегани