СЎЗ. Одил Ёқубов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ - Одил Ёқубов страница 22
Шундай қилиб, мен Ғафур ака билан эллигинчи йилларнинг охирида, у кишининг ижоди камол топиб, донғи оламга кетган пайтларда танишган эдим. Олисдан салобати босадиган улуғ шоир аслида ниҳоятда камтар, оқкўнгил ва оддий бир инсон эканини кўриб танг қолган эдим. Ажабо: Ғафур ака кексалигида шу қадар серзавқ, қувноқ, хушчақчақ бўлсалар, ёшлигида қанақа эканлар?..
Бизни марҳумнинг ҳаёт йўлдоши Муҳаррам опа кутиб олдилар. Кўзларига сўнмас ғам чўккан, тўладан келган, ўрта бўйли бу аёл биз билан мулойимгина саломлашиб ичкарига, Ғафур аканинг ижодхонасига бошладилар.
Ижодхонада ҳамма нарса Ғафур ака ҳаёт вақтида қандай бўлса, шундай турибди: бурчакда Ғафур аканинг катта портрети, ўртада ёзув столи, ўнг томонда қўлёзма ва китоблар терилган ёпиқ шкафлар.
Муҳаррам опа қўлимга бир боғлам калит тутқаздилар. Шкафни очиб, қўлимга илинган биринчи папкани олдим. Бир даста сурат! Мана, биринчи сурат, ўттиз чоғли сочлари устарада олинган – тақир бош болалар. Устларида оқ сурп кўйлак, кенг почали бўз иштон.
Муҳаррам опа кулимсираб, бурни сўррайган озғингина бир ўспиринни кўрсатди:
– Ғафур акангиз. Йигирма биринчи йили олинган сурат. У маҳалда Ғафур акангиз болалар уйида тарбиячи бўлиб ишлардилар. Маҳаллама-маҳалла юриб, етим болаларни йиғардилар. Нечтасини безорилар чангалидан қутқариб қолганлар…
Муҳаррам опанинг гапларини эшитганимда, Шум бола эсимга тушиб, мен ҳам беихтиёр илжаяман. Яна битта сурат: Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Уйғун. Ҳаммаси ёш, сочлари тўзғиган, чақнаб турган кўзларида шўх табассум, завқ, ғурур…
– Бу сурат ўттиз биринчи йили олинган бўлса керак, – дейди Ваҳоб ака. Ўша йили Тошкентга машҳур француз ёзувчиси Поль Вайян Кутюрье келган. Ўзбек адиблари билан учрашиб, «Огонёк» журналида очерк ёзган. Мана ўша очерк. Ваҳоб ака «Огонёк» журналининг муқовалари йиртилиб, варақлари сарғайиб кетган эски сонини олдимга қўяди. Журнал 1931 йил чиққан экан. Ажойиб француз ёзувчиси ўз очеркига «Тошкентда шоирлар оқшоми» деб ном қўйибди. Очеркнинг илк саҳифаларига кўзим тушади:
«Биз, меҳмонлар, қирқ киши эдик. Ўзбек ёзувчилари номидан бизни Ғафур Ғулом билан унинг хотини ва қизи Ипак кутиб олишди… Ғафур Ғулом йигирма бешга кирган. У ўткир қалам соҳиби. Унинг «Ўн уч ҳикоя» деб аталган китоби яқинда Москвада, рус тилида нашр этилади. У Маяковский, Д.Бедний ва Бехер асарларини ўзбек тилига таржима қилган… Бу оқшом унинг меҳмонхонасига туркман, ўзбек, қирғиз, татар адиблари йиғилишган. Ҳаммаси ёшлар. Бу ёшлар билан суҳбатлашганда сизни бир нарса ҳайратга солади. Улар жаҳон адабиётида бўлаётган ҳодисаларни беш қўлдай яхши билишади…»
Журнални ёпиб, бошқа бир папкани қўлимга оламан. Папканинг устига «26–30-йиллар», деб ёзиб қўйилган. Лекин бу папкада қўлёзма эмас, Ғафур акани республикамизнинг узоқ шаҳар ва қишлоқларига юбориб,