СЎЗ. Одил Ёқубов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ - Одил Ёқубов страница 17
ЁЗУВЧИ. Адабиёт ривожида ғалати қонуниятлар бор. Гарчи, улкан санъаткорлар орасида қизғин баҳслар кетса-да, ҳар бир ижодкор ўз принципларига амал қилиб, ўз йўлидан боришга ҳаракат қилса-да, у ўзгалар тажрибасини баъзан онгли равишда, баъзан эса беихтиёр тарзда қандайдир даражада ўзлаштиради. Сиз «Навоий» билан Қодирий романлари орасида параллеллар мавжудлигини айтяпсиз. Дарҳақиқат, бу романлар орасида мавзу, материал, ҳаётий проблематика, қаҳрамон ва конфликт жиҳатидан муштаракликлар кўп. Агар синчиклаб ўрганилса, Сиз Қодирий принципларидан кескин фарқ қиладиган асар санаган «Қутлуғ қон»да ҳам, хусусан, унинг поэтикаси, айрим сюжет линияларида «Ўткан кунлар»ни эслатадиган ўринларни топиш мумкин. Масалан, Йўлчининг ўғирланган Гулнорни қутқариш воқеаси «Ўткан кунлар»даги Отабекнинг Кумушбиби шаънини ҳимоя қилиш учун Ҳомид билан олиб борган жанг-тўқнашувларини эсга солмайдими?! Демак, Ойбек улкан санъаткор сифатида Қодирий билан тортишган-баҳслашган, ўз принципларини тайин этиб, ижодда ўз йўлидан борган бўлса-да, устоз романларидан, шубҳасиз, таъсирланган, ижодий ўрганган.
ТАНҚИДЧИ. Адабиётдаги чинакам новаторона кашфиётлар шу тариқа анъаналар билан мураккаб диалектик алоқада майдонга келади. «Қутлуғ қон» ва «Навоий» адабиётимизда чинакам оригинал бадиий кашфиёт, улкан новаторона ҳодиса бўлди. Ойбекнинг энг буюк адабий хизмати, новаторлиги шундан иборатки, у бутун бир халқнинг тимсоли бўла оладиган, халқ тарихининг энг муҳим палласи ҳақида тасаввур берадиган, халқнинг тақдири, савия-даражаси, орзу-интилишларини ўзида акс эттирадиган ўлмас образлар яратади; адиб даҳоси маҳсули бўлган Йўлчи ва Навоий образлари, Сиз айтгандай, аллақачон халқнинг қалби тўридан жой олган, мангу ўлмас сиймолар сифатида унинг онгига, маънавий ҳаётига сингиб кетган.
Ойбек санъатининг сеҳри шундаки, у оддий меҳнаткаш деҳқон йигити Йўлчини ҳам, тарихда ўтган буюк зот Навоийни ҳам бирдек давр қаҳрамони, халқ руҳияти ифодачилари, халқнинг фахри даражасига кўтара олади.
ЁЗУВЧИ. Бу гапларга яна шуни илова қилиш керакки, реалист санъаткор ҳаётий ҳақиқатга таянган ҳолда оддийликдаги ғайриоддийликни ва аксинча, улуғвор ҳодисалардаги оддийлик, одмиликни кашф эта олди. Ойбек улкан санъаткор сифатида реализмнинг шу икки муҳим хусусиятини ўз ижодида ажойиб тарзда намойиш эта билган. Қаранг, «Қутлуғ қон»даги Йўлчи ўта оддий, камсуқум, меҳнаткаш йигит, лекин у бора-бора тарихий жараённи ҳаракатга келтирувчи улкан бир кучга айланди; «Навоий»даги Навоий улуғ шоир, давлат арбоби, Ойбек айни пайтда, мана шу фавқулодда улуғвор шахс характеридаги оддий одамлар дилига яқин жиҳатларни очиб беради.
Ойбекнинг «Қутлуғ қон»даги энг катта новаторлиги, оригиналлиги