СЎЗ. Одил Ёқубов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ - Одил Ёқубов страница 21
ҒАФУР ҒУЛОМ ИЖОДХОНАСИДА
Бир кун «Литературная газета»дан телефон қилишиб, Ғафур Ғулом архиви билан танишиб чиқиб, бир нарса ёзиб беришимни илтимос қилиб қолишди.
«Архив» сўзи менга қандайдир ғалати таъсир этади, бу сўз дилимда чуқур ҳаяжон уйғотади. Мен архивларда ўтириб, эски ҳужжатларни ўрганган, айниқса, улкан олим ва санъаткорларнинг қўлёзмаларини варақлаган кишиларга ҳасад қиламан. Чунки давр ўтиши билан сарғайиб, четлари йиртилиб, титилиб кетган эски дафтарлар, қайта-қайта ўчирилавериб, «кўз ўтмайдиган» бўлиб қолган сатрлар ва саҳифалар қўлингизга олишингиз билан «тилга кириб», буюк асарларнинг яратилиш тарихини «гапириб» беради. Улар сизни адибнинг ижодий лабораториясига олиб киради, сиз бу эски дафтарлардан улкан ижодкорнинг изланиш сирларини, кашфиётларини, қўлёзма устида чеккан изтироб ва машаққатларини, агар истасангиз, ҳатто тўккан кўзёшларини ҳам билиб оласиз.
Мен Ғафур Ғулом адабий меросини ўрганиш комиссиясининг масъул котиби, ёзувчи Ваҳоб Рўзиматовга телефон қилдим.
– Ғафур Ғулом архиви дейсизми? – деди Ваҳоб ака бир оз ўйланиб. – У кишининг қўлёзмаларини ҳали тартибга сололмадик. Лекин… Майли, келинг, биргалашиб баъзи нарсаларни кўрармиз.
Мана, машҳур Бешёғоч даҳаси, серсоя анҳор бўйида қад кўтарган таниш икки қаватли уй, уйнинг деворига оқ мармар ёпиштирилган. Мармарга: «Бу уйда Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом яшаган ва ижод этган» деган сўзлар ёзилган.