СЎЗ ҚИСМАТИ. Зуҳриддин Исомиддинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СЎЗ ҚИСМАТИ - Зуҳриддин Исомиддинов страница 2
“Ўткан кунлар”да Кумушнинг Юсуфбек ҳожи хонадонига келганидаги кўришув маросимини эсланг. Кумуш қайин онаси Ўзбек ойим билан кўришганида паранжисини ерга ташлаб, югуриб бориб ўзини Ўзбек ойимнинг қучоғига ташлайди, қайин отаси Юсуфбек ҳожига эса уялибгина салом беради (Юсуфбек ҳожи эса унинг манглайига текизиб олган ўз қўлини ўпади), Зайнаб икковлари озорсизгина кўришадилар… Бу кўришишларнинг ҳар бири алоҳида ва ўзига хос, уларнинг ҳар бирида Шарқимизнинг бир дунё маъно англатишга қодир этикети мужассамлашган.
Ҳозир баъзи бир келинларнинг қайнотасига ҳам ҳеч ийманмай қўл бериб кўришишларини, ҳатто риоя-андиша издан чиққан баъзи “замонавий” оилаларда бўлса, кўришганлари шарафига қадаҳ чўқиштириб шампан ичишларини эсласак, орадаги тафовут ер билан осмонча бўлиб кетганини кўрамиз. Эллик йилда эл янгиланади, деганларидай, бизнинг яқин ўтмишдаги байналмилаллашув тарихимиз ана шунга олиб келди. Аммо Кумуш– ўзбек қизлари учун бир идеал, гўзал хулқу ҳаёнинг намунаси бўлар экан, ойим қизларимиз ҳар бир хатти-ҳаракатда “шу ўринда Кумуш нима қилган бўлар эди”, деган андишадан келиб чиқиб иш тутсалар, айни муддао бўлар эди.
Неча юз йиллар мобайнида синалиб, урфга айланган расму қоидаларимиз, маънавий қадриятларимиз бор, уларга сўнгги бир аср давомида йўл берилмай келган бўлса-да, тамом унутилиб ҳам кетмаган. Ана шулардан бири тавоф қилиб кўришишдир. Бунда аёл киши ўзидан ёши катта эркак қариндоши билан узоқ вақтдан сўнг кўришган чоғида унинг бир елкасини икки кафти билан силаб тушиб, қўлларини юзига суртади.
Балким, бу айримларга ҳозир эриш туйилар, бироқ мушфиқ оналаримизнинг ёш гўдакни суйиб, юзидан ўпиб қўйишлари, бола улғайгач, унинг пешонасидан ўпиб, ё бўлмаса елкасига қоқиб сўрашишлари нечоғлиқ ёқимли бўлса, рўзғор тутган қизларимиз улуғ ёшли эркак қариндоши ёки қайин ота ва қайин оғалари билан кўришган чоғида эҳтиром билдириб, тавоф қилишлари шунчалар табиий ва тўғри бўлади.
Албатта, ҳар бир одамнинг қўлидан ушлаб, бошига муштлаб, “саломни бундай беришинг шарт”, дейиш мумкин эмас, ҳожати ҳам йўқ – ҳар кимнинг ихтиёри. Аммо бутун эл-юртнинг кўзида турадиган, ўз маънавияти билан унга ибрат бўладиган биродарларимизга баъзи эътирозларни мулоҳаза тариқасида айтиб ўтсак.
“Ассалому алайкум”нинг ўзи, аввало, камтарлик нишонаси – такаббур киши бировга салом бермайди. Шундай экан, ҳар тонгда хонадонимизни алвон нурга тўлдирадиган “Ассалом, Ўзбекистон!” кўрсатувидаги баъзи сухандон аёлларнинг оёқ чалмаштириб ўтиришлари, ҳатто шу алпозда ўз ҳамсуҳбати билан саволжавоб қилишлари, менимча, бир оз эриш. Чунки биров сизга салом бераётган бўлса-ю, ўзи оёғини чалмаштириб ўтирган бўлса… Бошқа халқларда қанақа бўлса, ўзига сийлов, аммо бизларда бу беписандликни билдиради, шу ҳолда тилга олинган “Ассалому алайкум”нинг маъноси ҳам йўқ.
Яна бир гап. Ҳозир кўча-кўйдами,