Мени ёлғиз қолдирма. Зеус Кабадайи
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мени ёлғиз қолдирма - Зеус Кабадайи страница 1
Умрим давомида турли хил одамларга рўбарў бўлдим, аммо ёнимдаги кишини эмас, кўнглимдаги кишини қадрладим…
Ўзгани севиш ниҳоятда машаққатли эканини яхши биламан. Лекин шуниси аниқки, ёлғизлик ундан-да оғирдир…
Бир зулмат ичида қолдим. Кимдир чироқ ёқармикан дея кўп кутдим, лекин ҳеч ким бу зулматни ёритмади.
Шундан кейин зулматни севиб қолдим. Хаёлимда яратган кишимни соғиндим.
Муҳаббатга асир эдим, лекин кимни учратмай, ким билан кўришмай, излаганимни топа олмадим.
Нуқул нимадир етишмайди, нуқул нимадир камдек…
Авваллари дасторгулни жуда яхши кўрардим, энди бўлса, кўргани кўзим йўқ.
Инсоннинг ҳафсаласи пир бўлса, доим унинг қалбига нимадир оғриқ беради ва у бунинг аламини бошқалардан олишни хоҳлайди.
Синиқ пиёладан сув ичиб бўладими?
Албатта, ичолмайди, чунки у синган. Ичолмайди.
Сен ҳаётда нима қилсанг қил, лекин доим истаганингни топ, маъқулми?
Ҳеч кимни алдама, энг муҳими, ўзингни алдама. Ойна олдига ўтиб ўзингга яхшилаб разм сол, шунда бор бўйингни кўрасан ва ўзингни алдай олмаслигингни тушунасан.
Кўзларингга тикилиб, «Ҳаракат қилма, сен ҳеч кимни сева олмайсан», дейсан.
Мендан сўрасанг, аслида дуч келганни эмас, орзуингдаги кишини севиш муҳим.
Сен ўз орзуингдаги инсонни топа олмасанг ва истаган кишингни синаб кўришдан нарига ўтмасанг, бахтсиз бўласан. Синама, қалбингга қулоқ сол!
Ҳа, балки ёшинг ўтиб қолиши, балки кеч қолишинг мумкин, лекин ҳеч бўлмаганда, афсусланмайсан.
Нега буларни айтяпман? Чунки мен кўп афсуснадоматлар чекдим…
Кимлигини билмай, ўйлаб кўрмай, қанчаданқанча қизлар билан ҳамнафас бўлдим. Нега? Балки севиб қоларман, деб ўйлаганим учун…
«Балки севиб қоларман» деган гап куракда турадими ўзи?!
Балки севиб қоларман…
Умрим ўтиб кетяпти-ку, дея хавотирлансанг, бор, истаган бир инсонинг билан яшаб кўр, бироз вақт ўтсин, охир-оқибат унинг нимасидир сенга ёқиб қолар.
Балки у сенга бир пиёла сув берар, руҳиятингга таъсир қилар ва уни севиб қоларсан.
Кошкийди, ҳаётда ҳамма нарса мана шундай осон бўлса, биз ўзимиз истаган инсонга ошиқ бўла олсак.
Лекин бундай бўлмайди-да…
Сен ҳам, бошқаси ҳам тажриба қуёнчаси эмас. Айтмоқчиманки, сен ҳам хафа бўлса, ўзгани ҳам ранжитма. Сенинг орзу-умидларинг ҳам чилпарчин бўлмасин, ўзганинг гуноҳини ҳам бўйнингга олма.
«Йўқ» дейишни ҳам билиш керак. Одам жойи келганида воз кеча олиши даркор.
Сен нимага ишонишингни билмайман, лекин менинг ишонганим ягона Аллоҳдир… Сен кимга ишонсанг ишон, кимга эътиқод қилсанг қил, бу билан ишим йўқ! Лекин бир нарсани унутмаслигинг керак: гуноҳ деган нарса бор! Ҳеч кимга нисбатан гуноҳ иш қилма. Сен севмаслигинг мумкин, аммо у сени севиб қолади. Буни истамасанг у ердан кет.
Мен нима қилишим керак? Мен доим орзуимдаги инсонни қидираман ва уни топишдан асло воз кечмайман.
Мен ёнимдаги эмас, хаёлимдаги қиз орзусида ёнаман. Шояд шундай қизни учратсам, сенга сўз бераманки, уни асло ранжитмайман. Асло ва асло…
Сен ҳам орзуингдаги кишини топсанг, уни асло хафа қилма, хўпми? Кел, бир-биримизга сўз берайлик.
Севганимизни бехосдан хафа қилиб қўйганимизда мана шу аҳдимизни эслайлик. Чунки биз севган кишимизнинг кўнглини олишни биламиз.
Хаёлимдаги киши қаерда эканини билмайман, кимлигини ҳам. Аммо у ёнимда бўлмаса-да, бошқа инсон билан бахтиёр эканлиги менга кифоя.
Энг яхши тилаклар билан…
МЕНГА ШУНДАЙ ТУЙҒУЛАРНИ АНГЛАТГАНИНГ УЧУН РАҲМАТ
Бизни тарк этишган бўлса, демак, бунинг сабаби бор. Тан олмасак-да, бунга кўпинча ўзимиз айбдормиз. Лекин ҳақиқатан ҳам чин дилдан севган, ишонган ва содиқ бўлсак, нега энди ранжиган биз бўлишимиз керак? Нега менинг қалбим вайрон бўлиши керак? Ҳам айбдор эмасман, ҳам қалбимни вайрон этишади! Боз устига, улар – бахтиёр. Бу ҳам жабрдийда, ҳам кучли бўлиш дегани эмас, бу – жиноят! Олдин ўзингга ўргатасан, сўнгра ора йўлда ташлаб кетасан.
Билмайсан… ҳақиқатан ҳам сенга муҳтожман…
Қандай қилиб бунга куч топа олганингни негадир англай олмаяпман. Ҳамма нарсага кўнишим, ҳаммасини тушунишим мумкин, лекин мени севмаслигингни қабул қила олмайман.