Мени ёлғиз қолдирма. Зеус Кабадайи
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Мени ёлғиз қолдирма - Зеус Кабадайи страница 2
Энди чироқларни ўчириб, дераза олдида ёмғирни томоша қиламан. Сен йўқсан. Ёлғиз қолган бўлсам-да, мен борман. Ўзим учун борман.
Боққаним сайин борман, кўрганим сайин сезаман, севганим сайин тирикман…
Мен борман!
Қанчалик дим бўлмасин, ёнимга келмасидан олдин деразаларни ёпган ҳам ўзим… Энди кечалари деразаларни очиб қўйган ҳолда ётаман. Нега, биласанми? Энди ёлғиз эканман, ўзимни янада ҳимоялангандек ҳис қиламан.
Қоронғилик мени тарк этмайди. Ёлғизлик ҳам даф бўлмайди. Ёлғиз қолиш энди қўрқинчли эмас. Ҳатто уйга ўғри кирса ҳам пинагимни бузмайман.
Хафаман, лекин ёлғизлигим ишончлироқ.
Балки ярим қолгандирман, лекин сен сабаб бағри бутун бўлишдан воз кечдим. Ўзимни қандай бўлса, шундай қабул қилмоқчиман.
Уйдаги гулларни суғоришни унутма.
Унутмайсан, дея умид қиламан.
Ўзингни асра…
ИШҚ ЎРТАЙДИ
Тонгда, кунда ҳеч гап йўқ, аммо қачонки, қоронғи тушса, инсонни ёлғизлик маҳв этади. Худди касаллик кечалари зўрайгани каби. Тунда ўзингни янада ёлғиз ҳис қиласан. Севганларинг ёдингга тушади, шунингдек, ёнингда бўлмаган кишилар…
Нега ёнимда эмас?
Ёлғиз қолиш бунчалар оғир?
Ҳаётга келиш сабабларини суриштириш керак эмас. Аллоҳ бизга ҳеч қачон тугамайдиган яшаш завқини берган. Хўш, унда ким ўламан, деб яшайди? Ҳеч ким… Ҳамиша бир умид, абадийлик бор… Бу ҳикоя қачондир тугайди. Тугаркан, одам ёнида, ҳеч бўлмаганда, кимдир бўлишини истайди. Абадийликка эришмоқнинг энг гўзал йўли шундай. Бобом ва бувим олтмиш йил бирга умр кўришди, бувимнинг вафотидан кейин ёлғиз қолдик. Вафот этган куни уйга келиб бобомга юзландим: «Олтмиш йиллик рафиқангиз эди, бир томчи кўз ёши тўкмадингиз, нега? Шунчаликмиди? Бир лаҳзада унутдингизми?»
Индамади…
Индамади…
Индамади…
Кейин дедики:
«Тошнинг юраги йўқ, лекин уни йўсинлар ўз қучоғига олади. Мени денгиздан чиқариб, қумлоқ соҳилга отдилар. Энди қум устида, офтоб тагидаман, менинг йўсиним кетди, фақат тош бўлиб қолдим. Мендан энди ҳис-туйғу кутманг».
Бу сўзлар менга катта сабоқ бўлди. Кимнидир яхши кўриш қанчалик бўлиши мумкин? Жаҳондаги энг буюк севгини ўшанда кўрган эдим. Бошимиздан кечирганларимиз ишқ эмас экан. Биз шунчаки ўрганиб қолганмиз.
Анчагача ўртанасан, охири кун келиб, кўникиб кетасан… Ҳа, шундай. Аммо бобом ўша куни мана шундай гаплари билан севги нима, ишқ нима – буларнинг ҳаммасини бир-икки