КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР. Коллектив авторов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР - Коллектив авторов страница 15
– Яхши йўл.
– Мен сени жуда паҳлавон ва ҳақиқий эркак қилиб тарбиялайман. Биз ҳеч қачон уруш нималигини билмаймиз. Мен ҳамма ишларни қилишда жон деб қарашавераман. Чарчадим деб айтмайман. Ўшанда сен ҳеч қачон қаримайсан. Ҳозиргидек навқирон бўлиб қолавирасан.
Йигит жавоб ўрнига бир сўз демай қизни маҳкам қучди. Унинг юзларини ҳовучига олганича узоқ ўпди.
– Сени севаман, жоним! – эҳтирос билан пичирлади йигит бахтдан сархуш овозда, – бироқ менга нисбатан анови синовларинг бор-ку бўлмагур, барини йиғиштирасан. Чунки сени яхши кўраман, бу синовларга ҳожат йўқ.
– Ростданми, сен менга рашк қилишга ҳеч йўл қўймайсан-а? Рашк, билсанг, бу жуда ёмон. Бу балога гирифтор бўлишни хоҳламайман. Баъзан орзу қилардим, менинг шундай севгилим бўлсаки, уни жуда кўп инсонлар, қизлар севса ва ҳавас қилса. Бироқ унга бу ҳисларини тўкиб-солишга журъат этишолмаса. Унинг кўзларида фақат мени ва менинг севгимни кўришса.
– Шундай бўлади, азизим. Хавотир олма, мен сени шундай севаманки…
Энди улар бир-бирларини нечоғли севишларини исботлашмоқчидек, телбаларча қучоқлашишар ва тинмай ўпишардилар…
Тонг азонда улар яна йулга тушдилар. Чакалакзор оралаб юриш жуда қийин эди. Бир-бирига чирмашиб кетган буталар қадам босишгаям халақит қиларди. Йигит хаёлида “Немислар қуршовидан омон чиқиш яна кимларга насиб этди экан, ҳозир улар қаердайкин? Бундан кейин қандай йўл тутиш керак. Нажот йўли борми ўзи?..” деган саволлар кезар эди.
Султон умидсиз ўтириб қолди. Бир ҳазин, ғамбода шабада бутун вужудини сирқиратиб совуқ элакдан ўтказа бошлади.
“Ёлғиз булганда унга ҳамма нарса барибир бўлган ва тақдир ҳукмига ўзини тутиб берган бўларди. Ёнида София. Бундай мусибатли, бахтсиз кунларда толе унга ато этган муҳаббат!.. Унинг тақдири қандай бўлади? Қандай? Хизмат қисмида уни ҳамма солдатлар яхши кўришар, сингилларига қарагандай самимий ҳазиллашиб юришарди. Ҳаммага бирдай ёрдам берадиган, ёш бўлса-да, анчагина тиббий тажрибага эга, ўзбек қизлари деганда хаммага қандайдир ёқимтой ва чиройли тасаввурни курсата билган бу қизчанинг жасур қадамларидан ўшанда у қанчалар фахрланарди, гўё ундан куч олгандай бўларди.
Энди эса…”
Султон чуқур хўрсинганча елкасидан автоматни олиб қайта тозалаб чиқди, пистолетини кўздан кечирди. Бу вақтда қиз ухлаб қолганди. Йигит энгашиб унинг юзларига узоқ тикилди.
“Бечора, уруш сени не кўйларга солди. Кўз олдида ота-онаси ўлими, бедарак кетган укаси, мусофирчилик… Шунақа ғамга қандай чидаб юрибсан-а, азизим. Тағин йўл бўйи хавотирдан чалғитишга, бошқа-бошқа гаплар билан мени овутишга, кулдиришга ҳаракат қиласан. Бу куч сенга қаердан ато этилган!? Бундан кейинги ҳаётимиз қандай бўлади ё душман ўқидан, ё йўл тополмай касалликлардан ўлиб кетмасмиканмиз…»
София тўсатдан алланималар деб алаҳлай бошлади. “Тушида қўрқдими?” ўйланди у. Султон кафтини унинг пешонасига босди, қўрқиб кетди. “Бунча иссиқ,