Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари. Амир Тўраев

Чтение книги онлайн.

Читать онлайн книгу Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари - Амир Тўраев страница 15

Автор:
Жанр:
Серия:
Издательство:
Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари - Амир Тўраев

Скачать книгу

яна битта қадимги, бундан IV–V аср муқаддам бунёд бўлган «Ғойибота» қабристони ҳозирги кунгача мавжуд, бу қабристонда пўлатиликларнинг бобокалонлари, улуғ момолари қўйилган, қабристондаги ҳар бир мозор устида ўз даврида Нуротадан туя билан олиб келинган кулранг мармар қабртошларида араб имлосида, қабрида ётган инсон исми, отаси ва катта боболари номлари, туғилган вақти ва бир калом Қуръони карим оятлари ёзилган бўлиб, марҳумнинг авлодлари томонидан ўрнатилган.

      КПССнинг динга қарши 73 йиллик сиёсатидан «Ғойибота» қабристони ҳам қурбон бўлди, бу қабристонни обод қилишга ҳам, қабртошларни қўриқлашга ҳам имкон берилмади.

      Қабртошлар ўша Қизил империя давридаги «Оллоҳнинг қаҳрига учраган» арман, рус, ўзимизнинг маҳаллий қурувчилар томонидан ўғирлаб кетилди, мутасадди раҳбарлар «ғинг» демай, кўрмасликка олди.

      Қабртошлар қайси бир партия ва совет идораларининг биносига зинапоя қилиб ишлатиб юборилди, пўлатиликларнинг тарихи бир зумда осмонга учиб кетгандай йўқотилди.

      Бир тасаввур қилинг, бу қабристонда мангу макон топган Пўлатининг гавҳарлари Муҳаммад, Шомурод ва Рустам элбегиларни, Шароф оқсоқолни, Келдиёр бойни, моҳир мерганлар: Холмурод, Рустам, Камолиддин, Шарофиддин, Ғиёсиддин, Сайфуддин, Сайиддин, Асад, Қулмурод, Тошмат, Эшмат мерганларни, Расулберди карвон, бундан ташқари, улуғ Саййидзода пирларнинг қабрини ким топиб беради? Тилимиз куйиб, дардимизни ичимизга ютиб келдик, шонли Пўлатининг тарихи кўз ўнгимизда йўқотилди.

      Айтаверсак дардимиз адо бўлмайди, инсонни тириклайин ёндириб юборади, ситамлар халқимизнинг армонлари бўлиб қолди.

      Халқимиз тарихининг мунгли саҳифаларини варақлаш бу кўҳна дунёдан қанча одамлар ватан деб ўтиб кетганидан, улар сиртдан бахтлидек кўринган бўлса-да, аслида ватансиз, бахтсиз, эрксиз инсонлар эди.

      Отам айтар эди: дунё – ўткинчи, дунё – ёлғончи.

      Худо раҳматига олсин, гўри нурга тўлсин, отам ҳақ экан.

      Жаннат каттами ё дўзах кенгми, буни фақат Оллоҳим билади.

      Дунё яралгандан буён дашт саҳролар, мангулик деб оққан дарёлар, улуғ зот подшоҳларига зор бўлган. Бу мулкларга келиб кетган не-не карвонлар, сарвару сарбонлар номсиз кетди, Оллоҳ уларга бош берди, тож берди, тараф ва шараф бермади.

      Ер юзида инсонларнинг бошини силовчи, ўз юрти элини севгувчи саховатпеша одамлар жуда озчиликни ташкил этади.

      Кабутарлар уялари бойқушларга ошён бўлса, бу жаҳолат-ку?

      Чирқираган оналарнинг оҳу нолаларига буюк Помир ва Олой тоғлари силкинган, бир ниҳол экмасдан бу дунёдан ўтганлар қанча, масжиду мадрасаларни сотганлар қанча, халқимиз бошига мислсиз балоларни олиб келган, ҳаттоки тоғдаги қоримизни сотганлар ҳам анча экан, Оллоҳим уларни иймону инсоф деганидан қисди, ҳозирги кунга келиб қотил қайси, қурбон қайси, шайтон ким бўлган, раҳмон ким бўлганлигини билиш жуда мушкул, кўп давру давронлар ўтди, бойликларимиз ташиб кетилди.

      Сайхун ва Жайхун ҳам талаш қилинди, ён қўшнинг сувингни боғласа, бағрингни қон қилмайдими?

Скачать книгу