Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари. Амир Тўраев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари - Амир Тўраев страница 5
Ўқитишдан кўра мафкуравий тарбия қаттиқ олиб борилар эди.
Ҳарбий таълимдан Ширинов деган устоз ўқитар, у киши кўп яхши инсон, аммо урушнинг таъсири анча сезилар эди, бизларга милтиқ отишни ўргатар эди.
Урушдан кейинги йиллардаги очарчилик, йўқчилик одамларнинг тинка-мадорини қуритиб бўлган, халқ хўжалигини тиклаш учун Совет давлати аҳоли турмуш тарзини ижобий томонга буролган эмас, бундай шароитда мактабда ўқувчиларни мукаммал ўқитиш имкони чегараланган эди.
Ўқувчилар мактабдан кейин ота-онасига ёрдам қилиши керак, мол боқиш, ўт териш ва бошқа кундалик ишларни бажаришга тўғри келарди.
Пахта йиғим-теримида барча ўқувчилар учун ялпи сафарбарлик гўё қиёмат қойимни эслатар эди.
Кундузи пахта териб, кечқурун кўсак чувир эдик.
Пахта йиғим-теримига «ёрдам» сифатида 200–250 километр олисдаги Сурхондарё вилоятига ўқувчиларни жўнатишар эди, ғўзани яганалаш, чопиқ қилиш, бегона ўтлардан тозалаш ҳам мактаб ўқувчилари зиммасида эди.
Қишлоқдаги ёшларнинг кўпчилиги катталар билан баробар меҳнат қилар, бозорга, тўю томошага улар билан бирга қатнашар эди.
Мактабда озми-кўпми билимдон ўқитувчилар ҳам бўлган. Химия фанидан дарс берувчи Шукур Авазов домла бизни ўзининг шиддаткорлиги билан қўрқитар, дарсни ҳамма тинглар, савол-жавоблар бўлиб турар, саволларга аниқ жавоб берар эди.
Абдинаби Ширнаев ҳам роса билимдон, жиддий инсон эди.
Абдинаби домла ҳам химиядан яхши дарс берар эди.
Биринчи синфда Бойматов домла ўқитган эди, ўта камтарин, ширин муомалали инсон бизга ҳарф ўргатган.
Муаллимлар ҳаммаси бу дунёдан ўтиб кетди, ётган жойлари жаннатдан бўлсин.
Ҳали-ҳануз ёдимда, 5-синфда ўқир эдик.
Дониёров Ҳайит деган синфдошимизга Эргашев деган ўта самимий ва роса билимдон меҳрибон домулла Карл Маркснинг суратини кўрсатиб: «Бу улуғ одам ким?» – деди. «Бу киши Жуманазар бобо», – деб жавоб берди, ҳамма кулиб юборди, лекин Эргашев домла сир бой бермай, дарсни давом эттирди.
Мактабни иситиш учун чўян печка бўлар, унга кўмир, ўтин, баъзида бўлар, гоҳида у ҳам йўқ. Қаҳратон қишда қалин чопон кийиб, партада ўтирар эдик, муаллимларимиз ҳам чопонсиз мактабга келмас эди.
«Керзовой» этиклардан, оёққа ўралган пайтавалардан ҳам нам ўтиб кетар эди.
Баҳор, ёз ва куз ойларида ўқувчилар, озгина бўлса-да, латта ботинка ва калишлардан кийиб ҳузур қилар эди.
Пўлатиликлар эккан дов-дарахтлар улғайиб, осмондек жамол кўрсатиб туради, катта тут тагида, тупроқ супада кексалар куз ва қиш қандай келишини таҳлил қилади, ёшларнинг бебошлиги-ю кексаларнинг эътиборсизлиги ҳақида сўзлашади.
Бир кун оч қолган кишидан қирқ кун ақл қочади, дейдилар ўша очарчилик, қаҳатчилик ва об-ҳаво қурғоқчилиги, бир томонда вабою ўлат изғиган йиллар ҳақида, ўтиб