.
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу - страница 14
Низом почча то вафот этгунча, дадам билан бир ака-укадек яқин бўлиб ўтди. Хадича аммам дадамга опалик, бизга эса бувилик вазифасини бирдай адо этди. Эсимда, у кишининг ёшлари бир жойга бориб қолган, астмалари бор, нафаслари қисар эди. Тошкентда Республика Президенти девонида масъул вазифада ишлаётган чоғим вилоятдан чақирилган ходим сифатида янги қурилган уйнинг еттинчи қаватидан менга жой берилди. Уйга ҳали тўла-тўкис кўчиб ҳам ўтмаганмиз. Бир кун эшик тақиллаб қолди. Уй янги қурилган бўлиб, ҳали лифт ҳам ишга туширилмаган эди. “Оббо, эрталаб еттинчи қаватга ким пиёда кўтарила олди экан”, деб эшикни очсам, Хадича аммам қизлари билан турибди. Уйга кириб, дуо-фотиҳадан кейин:
– Аммажон, мен сизни бориб кўришим керак эди, сиз касал одам шунча баландга кўтарилибсиз, – дедим.
– Жияним уй олибди, ўз кўзим билан кўрмасам, бир ҳурсанд бўлмасам, кўнглим ўрнига тушмайди, деб кела бердим, – дейди. Яна нима дейди денг? – уйда остона олдига боргунча ўпкам оғзимга тиқилиб кетарди. Уйингизнинг еттинчи қаватига чиққунча, фақат бир марта тўхтаб дам олдим. Сизни зиёрат қилай десам, Оллоҳ ўзи куч ато этди.
Низом почча ва Хадича аммамнинг қизлари Муборакхон ва Ҳамрохонлар ҳам қариндош-уруғларга меҳр бобида ота-оналаридан қолишмади. Афсус, Муборак опам эрта дардманд бўлиб қолиб, оламдан ўтиб кетди. Қизлари Раъно ва Муҳайё оналарининг удумларини давом эттирмоқда. Аммо Ҳамро опамга қариндош-уруғчиликни жойига қўйиш борасида гап йўқ, бу кишини кўрсам, Хадича аммамни кўргандек, унинг овозларини эшитгандек бўламан. Бу опам турмуш ўртоғи Назиржон ака билан бирга Нигорахон, Алижон, Аҳмаджон ва Нодирбек исмли тўрт фарзандни тарбиялаб, сафга қўшдилар.
Бобом Исмоилжоннинг кенжа фарзанди Муҳаммад Имин ҳақидаги қиссани дадамнинг она авлоди ҳақидаги ҳикоядан сўнг баён этаман.
КЎТАРМА ВА КЎТАРМАЛИКЛАР
Дадамнинг она авлоди ўзига тўқ дехқонлардан бўлган. Ушбу битикларни ёзиш жараёнида Эркинжон укамнинг хонадонида жамланган фотосуратларни кўрикдан ўтказаётиб, дадамнинг 1992 йил 6 май куни ўз қўли билан бир варақда ёзилган она уруғи ҳақидаги эсдаликларини топиб олдим. Унда келтирилишича, дадамизнинг волидалари Бибиҳожар ҳозирги Хўжаобод туманидаги Кўтарма қишлоғилик Содиқҳожи ва Холчабибининг тўртинчи фарзанди бўлган экан. Бобом Содиқҳожи маймун йилида туғилган бўлиб, 1920 йили, Отикахон аммам олти ойлигида вафот этган экан. Холчабиби бувимиз 1946 йили 104 ёшида қазо қилган. Оилада беш қиз ва икки ўғил бўлган: