АСАРЛАР (I жилд). Сирожиддин Саййид
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу АСАРЛАР (I жилд) - Сирожиддин Саййид страница 33
Шул сабаб уйғоқдир балки бу ҳаёт,
Шул сабаб зарби зўр балки бу куннинг.
Қаранг, у қийналар, чекар асабий,
Рўзғорини ўйлаб кўнглин ғашлайди.
Ва яна дзотга ташланган каби
Ёзув столига кўксин ташлайди.
Янгилик йўқ дейди, аҳвол сўрасам,
Вақт ҳам йўқ дейди, саломатликка.
Бир зум алоқани узинг дунёдан,
Қаҳҳордан гапиринг, Абдулла ака!
Ахборотнинг қиролини ҳеч кўрганмисиз?
Кўксини чангаллаб, гезариб лаби,
Уйига боради қоронғу тунда,
Гўё ғижимланган газета каби!
ОЯР ВАЦИЕТИСГА КЕЧИККАН МАКТУБ
Мен сесканиб кетдим,
Тўсатдан
Таъзияни кўриб газетадаги.
Ояр! Ояр! Ояр!
Кечикди
Менинг ўзбекона қасидаларим!
Хушхабарлар каби елиб югурган,
Кунларнинг бағрини
ногоҳ доғ кўрдим.
Олис кенгликларда на шаҳар,
на баҳр –
Милтираб турган бир шамчироғ кўрдим.
“Тошкент оқшоми”да босмоқчи эдик…
Энди сен йўқдирсан.
Вақт қўл қўяр.
Шеърларинг столда ҳангу манг қолди.
Газет ҳам кечикди.
Кечиргил, Ояр!
Гарчи тақдир бизни минг кўйга солиб,
Охир-оқибатда билдирмай суяр.
Суюнганинг чоғда нима бўлди сенга,
Ояр?!
Бу ҳаёт сарбаланд қолсин деб абад,
Шоирлар йиқилар юраги доғли.
Шунда ҳам ўртаниб, ўтиниб ўйлар:
“Ватаним, ишқилиб жон-танинг соғми?”
…Сиз беёд қолганда ўқинг Оярни,
Кўнгилга эрк бергай бир мушфиқ кадар.
Менинг минорларим увиллаб борар
Термиздан то Болтиққа қадар.
«Газеталар бўронида кетяпман…»
Газеталар бўронида кетяпман,
кетяпман.
Метродайин бу дунёнинг
қоқ бағридан ўтяпман, ўтяпман.
Ҳаётимда янгиликлар,
ҳодисалар, воқеалар,
Ракетадай учқурдиру,
бомба янглиғ оғирдир бу дақиқалар.
Дақиқалар!
Менинг асл фаслларим
сароб бўлди,
хароб бўлди.
Она нега йиғлаяпсиз, нима бўлди?
Тегрангизда кузатувлар,
айрилиқлар,
йўқотишлар…
Орзуларим ўтмишимдан
менга қараб ўқ отишар,
ўқ отишар.
Олисдаги ул мактабда энди менинг дарсим йўқ.
Кўз очаман:
Газета бор. Дўстларим йўқ.
Асрим йўқ.
Дарёлардай ортга боқмай,
дарёлардай тўлғониб
Асфальтларнинг чинқириғи
поёни йўқ манзилларга
олиб кетар дунёни.
«Йигирма етти йил…»
Йигирма етти йил!
Йигирма етти тоғ
Ортимда