СИЁСАТШУНОСЛИК. Муқимжон Қирғизбоев
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу СИЁСАТШУНОСЛИК - Муқимжон Қирғизбоев страница 4
–жамият ҳаётининг сиёсий соҳаси – бу асосан давлатга оид ўзаро ташкилий алоқалар, хатти-ҳаракатлар ва муносабатлар соҳасидир. Аксарият олимлар сиёсат – инсоннинг давлат ишларида бевосита фаол иштирок этиши, деб қарайди. Албатта, қадимги давлатлар ташкил топганидан буён давлатга “ижтимоий уюшиш шакли”, деб қараш анъанавий русумга кириб, бу соҳага сиёсий ҳаётнинг асоси деб қарала бошланди. Шунинг учун ҳам дастлабки сиёсий фан предмети – бу давлатни ўрганишдир, деган тасаввурлар ривожланди. Қадимги даврда “сиёсат” (“politika”) сўзи юнонча “полис” – шаҳар-давлат маъносини англатганлиги ҳам бежиз эмас эди. Шунинг учун ҳам сиёсий фан отаси – Аристотелнинг “La politika» номли трактатининг номи “давлатга нима тегишли бўлса, шу ҳақда”, деган тушунча маъносини англатиши ҳам табиий бир ҳолдир. Шу билан бирга, Аристотель полисга фақат жуғрофий ва миллий-давлат тузилмаси сифатида эмас, балки фуқаролар фаоллигининг кенг майдони сифатида қараганлиги ҳам бу фикрнинг тўғрилигини исботлайди;
–қадимдан бошлаб давлатни ўрганишдаги асосий йўналишлар – бу давлат тузумини энг яхши шаклини (деспотия, демократия, олигархия ва бошқа) яратиш масаласини ҳал этишга қаратилган эди. Демак, қадимги даврлардаёқ сиёсий ҳаётнинг муҳим соҳаси сиёсат оламининг ўзагини ташкил этувчи ва алоҳида таснифларга эга бўлган ҳокимият ҳақидаги масала эканлиги аниқланиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам сиёсатшуносларнинг асосий вазифаси – нафақат ҳуқуқий фанлар предмети бўлган давлатнинг ҳуқуқий жиҳатларини таҳлил этиш, балки умумий манфаатларни амалга оширишни бош мақсад қилиб олган давлат ва ҳокимиятга оид муносабатларни жамият сиёсий институтлари сифатида тадқиқ этишдан иборатдир. Шу муносабат билан сиёсатшунослик фанининг ўрганиш предмети – бу сиёсий ҳокимият, унинг моҳияти ва тузилмалари, бу ҳокимиятни амалга ошириш ва унинг тақсимланиш механизмлари, ҳокимиятнинг ўзини жамият аъзоларининг кўпчилик қисми томонидан қўллаб-қувватлашига эришишини таъминлаш қобилияти, сиёсий ҳокимиятнинг жамият фаолиятини назорат қила олиш қобилияти кабилардир;
–XIX асрга келиб узоқ даврлар мобайнида шаклланган сиёсий қарашлар тубдан ўзгарди: сиёсий ҳаётга нисбатан ўз шахсий ёки тор гуруҳий манфаатлари йўлида сиёсий муносабатлар ва жараёнларда иштирок этаётган алоҳида индивиднинг эмас, балки ижтимоий бирликларга (ижтимоий гуруҳлар, табақалар, синфлар, миллатлар ва ҳ.к.) уюшган индивидларнинг ўзаро хатти-ҳаракати сифатида қарала бошланди. Ҳар бир ижтимоий бирлик ўзининг ижтимоий манфаатларига эгадир, деган қарашлар русумга кирди. Ижтимоий манфаатлар – бу инсонларнинг ва ижтимоий бирликларнинг англанган ёки англанмаган ҳолатдаги ўз хатти-ҳаракатларида амал қиладиган, шу билан бирга, аниқ рўй берадиган ҳаётий интилишлари бўлиб, улар бу билан жамиятдаги ўз объектив ўрнини аниқлаштириб