Ибройим Юсупов. Шарап Уснатдинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибройим Юсупов - Шарап Уснатдинов страница 30
Нажим Давқораев 1950 йилнинг августида Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Саримсоқовга: “Менинг диссертациям ўн босма табоқ ҳажмида бўлиши керак эди, бироқ уни ёзиш борасида қорақалпоқ халқининг фольклор бойлигини тадқиқ этмай, қорақалпоқ адабиёти тарихини ёзиш мумкин эмаслигини тушундим. Бу масалани тўлдириш зарурлигини англадим. Шу сабабли, диссертациянинг ҳажми уч баробар кўпайди. Ишимнинг барча ортиқча чиқими ўзимнинг меҳнат маошимни ҳисобидан тўланади”, деб ариза ёзган эди.
Сўзга чиққанларнинг баъзилари бундан хабарсизми, айтганлари, топган камчиликлари асоссиз эди. Йиғилишга тайёргарликсиз келиб, Давқораевнинг меҳнатига гумон туғдириш орқали илмий ишнинг баҳосини туширишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш мақсадида Қалли Айимбетов унинг Қорақалпоғистон Министрлар Кенгесининг Раиси Н. Жапақовга ёзган ҳисоботини ўқиб эшиттирди.
“Қорақалпоқ адабиёти тарихидан очерклар” мавзусидаги докторлик диссертациям машинкада 931 бет бўлди, у уч китобдан иборат”, деб бошланган хатда диссертацияга қўшимча 500 бетлик адабиёт хрестоматиясини тузганини билдирган эди.
– Ҳаммаси бўлиб икки-икки ярим йил ичида уч жилддан иборат диссертацияга хрестоматияни қўшиб тайёрлаш бир неча ходими бор илмий-тадқиқот институтининг ҳам қўлидан келмайдиган иш…
Қ.Айимбетов “Фольклор” бўлимида “Алпомиш”, “Қоблан” достонлари бошқа халқларнинг шу номдаги достонларига қиёслаб ўргангани, “Қирқ қиз” достони бошқа халқларда йўқ, фақат қорақалпоқларда бор эканини, бундай янгиликларни Давқораев биринчи бўлиб илмий тадқиқ этганига тўхталди. Ушбу нутқ Ибройимга анча дадиллик бағишлади. У ҳам ўзининг тайёрлаган баёнотини айнан шу мавзуга бағишлаган эди.
Нажим Давқораев бўй-бастига қараганда салобатли кўринадиган, ўртача йирикликдаги, қуюқ қора қошлари остидаги икки кўзи у қизишиб сўзлаганида ёниб турадиган, илк қарашда қаҳри қаттиқ кўрингани билан кулимсираб юрадиган одам эди. Кенг манглайидан тушавериш жойида ўртаси ботиқроқ бурни юзида кичикроқ кўринар, ундайларни халқда пучуқ эмас, “тампиш бурун” деб атайдиган, сўзни секин бошлагани билан бора-бора қизиб, чин кўнгилдан кулганда гуручдай оппоқ тишлари чиройига чирой қўшадиган эди. У дарҳол бийликни қўлга олиб кетадиган фаол, дипломатиядан хабардор, ҳар кимнинг ўрни, феъл-атворига қараб адашмай муомала қиладиган, одамгарчиликни,