Ибройим Юсупов. Шарап Уснатдинов
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ибройим Юсупов - Шарап Уснатдинов страница 35
Субҳи шаб келдим қошинга, нозли жононим, уйғон,
Шамчироқ ёқдим бошингга, нури анварим, уйғон, –
деб кучли тўлғанишни тараннум этади-да:
Ошиғинг маҳтал бўлиб, бошингдадур, ёрим, уйғон, –
деб якунлайди. “Бери кел” сарлавҳали мухаммасида бундай дейди:
Ай – алифдек ноз этиб, ҳайкални таққан, бери кел,
Бе – буралиб, соз этиб, қошини қоққан, бери кел…
Алишер Навоий замонидан “Мухаммас” аталиб, ҳар банди беш мисрадан иборат ғазаллардан улгу олиб ёзилган шеърларни қорақалпоқда “мухаллас” деб атайди. Бахшилар уларни созга солиб, тўрт-беш турини яратган. “Мен ҳам севимли фариштамга бир мухаммас бағишлаш вазифам борга ўхшайди”, деб ўйлаб, юқоридаги икки мисрани давом эттириб, қайтадан ўқиди:
Қишнинг куни қор гуллар, ёрим, сен юрган ерда,
Ифор исин сочар еллар, ёрим, сен юрган ерда,
Бўстонга дўнар чўллар, ёрим, сен юрган ерда,
Ўзгача сайрар булбуллар, ёрим, сен юрган ерда,
Қадамингга қойил ер, ёрим, сен юрган ерда.
Шеърнинг сатрлари бир текис униб чиққан ғўзалардай қаторма-қатор, изма-из келаверди. Одам бировга ихтиёрсиз берилиб, бутун дунёни фақат шу орқали кўриб, жон-жонидан севса, қандай гўзал сўзлар, аввал сира хаёлига келмаган ўхшатишлар туғилишини айни ҳозир билгандай, ич-ичидан ҳайратланди. У фаришта тўлқинланиб оқаётган Амуни ёқалаб бораётир. Тўлиб оққан тўлқинли дарёнинг соҳилида ҳар ер-ҳар ерда “гумм” этиб жар ўпирилиб турибди.
Жар остида жайин кўриб сени мабодо,
Янги ошиқ бўлгандай ўрдан иққа чопади…
Яна:
Қадам боссанг хаймиғиб, қор эрир сув бўлгали,
Баҳор навосин чалиб, шаррос сойга тўлгали…
Ё бўлмаса:
“Кўрсанг, таърифин айт” деб тунлар ялиниб тонгга,
“Гул юзига қўнма” деб шабнам ўтинар чангга…
Ёш шоир тўлғанди. Сўзлар мунчоқдай тизилиб, янги сатрлар келаверди, янги ташбеҳлар туғилаверди. Насиб бўлса, муҳаббатни улуғлаган бу қўшиқ ҳар бир ошиқнинг дардли дамларига дармон, севишганлар кўнглини бирлаштириб ивитадиган кўнарги9 бўлажак. Шеърнинг якуни Ажиниёз бобосининг “Бери
9