ва хусусан, ўша одамга. Кейин отасига айланди ўша одам. Тенгдош эдик биз. Ўзимнинг ойнадаги аксимга ўхшатардим уни. Қўрқоқ ва ўта уятчан эдик иккимиз ҳам. “Сен – мен” дер эди гоҳида юзимга хаёлчан тикилиб туриб. “Мен – сен”, деб жавоб қилардим. Одатда индамай хаёл суриб ўтирардик. Ўгай отаси тўғрисида ўйларди Ноил. Ўйламасликка ҳаракат қилса ҳам унинг доирадай кенг юзи ва бири-бирига туташиб кетган қошлари кўз ўнгида туриб олар ва кўзларини юмса ҳам кетмасди ва фарғонача талаффуз билан айтган ўша гапи эшитилаверарди қулоқларига. Аслида, фарғоналик эмасди у одам. Унинг кимлигини ҳам, қаердан келганини ҳам билмасди Ноил. Узоқ йиллар бирга ҳаёт кечириш жараёнида ўша гап сира унутилмади. Ва эшик олдидаги каравотда ётган одамнинг турқи кўз ўнгидан кетмади. Йиллар ўтди, онасининг йўриғини қай йўсинда баҳолашни билмади улғайганида ҳам. Болаликда эса ота ёки она тўғрисида фикр юритиш, яъниким уларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш, хулоса чиқаришга ожизлик қиларди унинг гўдак ақли. Ёши бир жойга етиб, мия ичидаги жараёнлар такомиллашгач, ўз ҳаётининг ўша даврларини қайта бошдан таҳлил қилиб кўраркан, онам нега мени ўлдиришга кўп марта уриниб кўрди, деган савол кўндаланг бўлди. Аммо Худо йўл бермади. Чунки, Ноилнинг зиммасига юкланган вазифани ҳеч ким ҳеч маҳал бажара олмасди. Ўгай ота эса нималарнидир шама қилар, Ноилнинг ёнидан ўтганда бурнини жийирар ва унинг тунда тўшакни ҳўл қилиб қўйишини имкон бўлди дегунча бўрттириб кўрсатишга интиларди. Ғужанак бўлиб қоларди бундай паллада етим бола. Борган сари такомиллашиб борарди онанинг шуурида Ноилдан қутулиш режаси. Мунтазам эмасди ният. Ўқтин-ўқтин бош кўтарарди ва ана шундай паллада баъзан кескин ҳаракат қиларди она.
Ёзнинг жазирама бир кунида сувга борди Ноил. Алюмин челакни энди дарёга ботириш учун тараддудланиб турганда, бақувват қўллар даст кўтарди уни ва тошиб оқаётган сувга ташлаб юборди. Осмонга сапчиган тўлқинлар ва сув пардаси ортида турган аёлни кўрди бола, энтикди, нималардир деб овоз берди, қўл-оёқлари билан шапиллатиб сувни уриб, қирғоқ томон талпинди. Тўлқинлар беаёв суриб борарди ўлжасини. Челакни сувга ботирди она ва ортига қарамай кетди.
ЁЗУВЧИ УЧУН АТИР
Чекка сочлари оқариб қолган Григоровичнинг қандай атир суртиб юрганлигини билмайман (қадимда атир суртиларди, ҳозирда пижиллатиб сепилади), аммо Бунин тасвирлаган шу ёзувчининг, яъни Григоровичнинг олдидан ўтгим келади ва ундан анқиб турган ифорнинг қанақалигини билгим келади. Афсуски, энди Бунин ҳам, Григорович ҳам ва Жемчужников ҳам йўқ. Шунга қарамай, ўша даврга хос айрим ҳолатлар-у манзараларни тафаккур ёрдамида тасаввур қилиш мумкин.
Бизнинг болалигимиз ва ўсмирлик пайтимизда “Сирень”, “Ландиш”, “Кармен” деган атирлар бўларди. Ўсмирлик пайтимда биринчи марта “Қора наво” деган атирдан суртиб кўрганман. Австралияда чайлачи деган бир қуш бор. Қанотли бу жонивор урғочисини жалб қилиш учун қарийб одам бўйи келадиган чайла қуради ва ўзи бунёд этган иншоотни турли-туман ялтироқ нарсалар билан безайди-да, чайла атрофидан