Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ёзувчи учун атир - Неъмат Арслон страница 6
Қуёш энди дурустгина қиздирар, рўзғоримизнинг яккаю ягона бисоти костюмдан илиқ буғ кўтариларди. Биз шу сонияларда ғоят бахтли эдик. Яна бир неча дақиқадан сўнг нималар рўй беришини ҳам, оёғимиз остида тубсиз бўшлиқ турганини ҳам унутган, келажакни ўйламас, шу лаҳзанинг шодлиги билан яшардик. Ўтиришга ва бир-биримизга рўйи-рост қарашга, кўзларимизга тикилиб ҳузур олишга имкон берилганига шукроналар айтардик. Дилларимиз сўзсиз бир нидо билан қўшиқ куйламоқда.
Ногоҳ унинг кўзларида қувликка ўхшаш бир нарсани кўрдим. Ундан "ҳозир мўъжиза кўрсатаман" деган маънони ўқдим. У кафтлари билан ерга таяниб менга орқа ўгирди. Лозимининг тилка-тилка бўлиб йиртилганини унутганди, афтидан. У эгилганча, мендан яшириб нимадир қилди. Кўзлари қувончдан порлаб менга қаради. Кичкинагина муштчасини маҳкам сиқиб турарди.
– Кўзингизни юминг, – деди ёш қизчаларга монанд ўйинқароқлик билан.
Бир ҳисобдан унинг бу қилиғи ёшига мос ҳам эди. Назаримда у ҳали ўн бешга ҳам тўлмаганди. Кўзимни юмдим.
– Оғзингизни очинг!
Оғзимни очдим.
Нозиккина бармоқлар лабларимга тегди, кафтининг ҳароратини ҳис қилдим.
– Бўлди!
Кўзимни очиб, унинг қувончдан ёришиб турган юзига қарадим. Оғзимда данак катталигида нимадир бор. Дафъатан уни ғўрашак тош, деб ўйладим. Субҳия менга ҳазил қилаётгандир деган хаёлга бордим ва шу лаҳзанинг ўзида оғзим сувланиб, нордонгина таъмни сезди.
– Қурут!..
Ўзининг ҳам лунжи дўмпайибгина турарди. Икки бармоғини оғзига тиқиб оқ зўлдирчани олиб кўрсатди ва яна оғзига солди.
– Бошқа йўқ, – деди гўё шуни узоқроқ, тамшаниб-тамшаниб шимишимни уқдиргандай бир оҳангда. Бундай оҳанг менга таниш. Онам қўлимга бор дона қанд ёки бир бўлак нон тутқазардилар-да, "бошқа йўқ" деб писанда қилиб қўярдилар.
Мен бош силкиб жилмайиб қизнинг бу ишини рағбатлантирдим. Қурутдан билинар-билинмас тер ҳиди келарди ва назаримда таъми ҳам бошқачароқ.
– Чўнтагингда яна бордир, – дедим жиддий қиёфада.
– Чўнтагим йўқ, – иқрор бўлди қиз.
Қурутни қаерда сақлагани ва қандай олгани менга маълум бўлганди. Офтобшувоқда ётиб қурут шимидик.
Х
Арининг ғинғиллашидай овоз эшитилди. Субҳия хиргойи қиларди:
«Йўл бўйида бир туп олма бор,
Мен шўрликдай танҳо ва ёлғиз.
Йўловчисин кутар умидвор,
Оҳ, олмалар, бўйга етган қиз…»
Уни шу лаҳзада авайлабгина бағримга босгим, эркалатгим, сочларини силагим келди, аммо бундай қилмадим. Мумкин эмас, ҳаққим йўқ, унга бегонаман. Бундан ташқари ҳиссиётларим ҳам аллақандай чучмал. Ҳаммаси аралаш: Оталик ҳисси билан яна бошқа туйғу қалбимда тинимсиз кураш олиб бораётгандай. Балки бу ҳислар қўшилиб, бир-бирига чатишиб қолган-у, энди бири иккинчисини маҳв этиб ва ажралиб чиқиб, вужудим