Ёзувчи учун атир. Неъмат Арслон
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Ёзувчи учун атир - Неъмат Арслон страница 7
– Никоҳ ўқитамиз, – дедим. Товушим аранг чиқди.
– Мен розиман!
Қуёшга қарадим. Олам ёритгичи қизариб ботиб бормоқда.
– Эй улуғ отамиз! – дедим Субҳиянинг елкасига қўлимни қўйиб, – нидомизни эшит, илтижомизни рад этма, мана бу қиз – Субҳия. Мен – Бенаво. Бизга раҳнамолик қил, ўлимимиз олдидан никоҳлаб қўй!
Субҳиянинг ҳам лаблари пичирлаб турар ё менинг сўзларини ичида такрорлар ёки дилидаги энг яширин гапларини улуғимиз – Қуёшга айтарди.
Биз Қуёш ботгунча кутдик. Тун борлиққа ва оёғимиз остидаги тубсизликка чойшабини ёпаркан, Субҳия бағримга кирди ва ўзини бутунлай менинг ихтиёримга топширди.
XI
Эс-ҳушимизни йиғиштириб олганда аввалгидан ҳам катта тезлик ва шиддат билан тубсизлик томон кетиб бормоқда эдик. Муҳаббат жазаваларига оёғимиз остидаги ночоргина Еримиз дош беролмаган ва ўз фуқароларини тақдир ҳукмига қўшқўллаб топшириб қўя қолганди. Субҳияни йўқотиб қўймаслик учун бағримга маҳкамроқ босдим.
Ногоҳ остимиздаги ғўрашак тошларнинг шиғирлаши тўхтади. Вужудимнинг енгил тортганини пайқаб, қўлим билан остимни пайпаслаб кўрмоқчи бўлдим, Ерни тополмадим. Биз ҳавода учиб борардик. Вужудимиз ердан узилган, муаллақ ҳолатда эдик. Юқорига кўтариляпмизми ёки пастга томон кетиб бораяпмизми, билмасдик.
Энди биз учун бунинг аҳамияти ҳам йўқ.
Субҳия бўйнимдан маҳкам қучганча қулоғимга ҳарорат билан шивирлади:
"Мен сизни севаман!.."
АННАБЕЛЬ ВА АЗОЗИЛ
1535 йилда Аннабель ўлимга ҳукм қилинди. Қатлгоҳ томон сувдек оқиб келаётган оломон қизиқ бир томоша кўриш ва уйда қолган оила аъзоларию дўстёронларга бу ҳақда ҳикоя қилиб бериш илинжида. Бироқ майдондаги манзарага кўзи тушган кишиларнинг кўпчилигида аввал ўйлаганидан асар ҳам қолмади. Қатл майдончасида шу қадар гўзал бир хилқат турардики, унга бир бор кўзи тушган киши юзидаги ҳаяжон ифодасини яширолмай, тили ҳам калимага келмай ҳайрат мақомида туриб қоларди.
Аннабель зийрак кўзлари билан атрофни қуршаб олган ола-қуроқ оломонга қаради. Улар орасида қора ридо кийган кишилар ҳам бор. Юз ифодалари ғоят жиддий, басавлат бу одамлар кимнингдир келишини кутиб тараддудланишмоқда. Ниҳоят кутилган киши – черковнинг бош руҳонийси оломон орасини ёриб, майдонга кириб келди. Жамоа уни эҳтиром билан кутиб олиб, алоҳида жой кўрсатди. Бош руҳоний қатлгоҳга бир қараб олиб, ўнг қўлини юқорига кўтарди. “Тинчланинглар” деган бу ишора ўз ҳукмини ўтказди. Ғала-ғовур босилди. Ҳукмни ўқиётган кишининг овози томошаталаблар шуурида турли хил таъсир ўтказиб оғир бир руҳий вазият зуҳур этди. Аннабель ҳам ҳушёр тортиб, чиройли бўйнини бироз пастга эгиб узун киприкларини ерга