Тахмина. Солих Каххор
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Тахмина - Солих Каххор страница 10
– Менинг жамолимга тикилиб ўтирмайсан. Мен сен билан дурустроқ танишиб олсам бас.
Тахмина турган жойида туриб қолди. Бир лаҳза қандайдир хаёлга борди чоғи, яна каравоти четига қайтиб келиб ўтираркан, юзимга дадил боққанча саволларни қалаштириб юборди:
– Нима дейсиз ўзи? Мени қаерга олиб бормоқчисиз? Мелисахонагами? Ёки уйингизгами? Ё бўлмаса… – ногоҳ у телбаларча хандон отиб кулиб юборди:
– Ё бўлмаса, биронта бўш уйингиз борми? Мени «любовница» қилиб олмоқчимисиз? Кучингиз етадими? – у бемаъни илжайганча кўзларини ишвали сузди.
«Қани, гапириб қол, ичингдагини тўк», деганча жим ўтирибман. Тахмина яна давом этди:
–Тавба, сираям тушунолмаяпман. Мени нимадан, нима учун қутқаришлари керак? Мени кимга оғирим тушипти?
Ҳамон жимман. Ниҳоят қўлимда тутаб турган сигаретни унга илтифот қиламан. Олади. Энди оёқларини чалкаштирганча ўтирволиб, мен томон бепарво тутун қайтараркан, ундан: «Яна ўн граммдан ичсакчи?» деб сўрайман. «Ўзингиз олиб чиқинг, мени уришиб беради», дейди у хотиржам оҳангда.
Шундан сўнг ўрнимдан туриб, Куйдирги ётган хонага чиқдим. Бу ерда ҳам яшил рангли электр чироқ жонсиз шуъла сочиб турар, қанотлари туширилган диван каравотда Куйдирги чўзилиб ётипти. Мен уни ухлаб ётган гумон қилиб, ичимликлар териб қўйилган сервант ёнига оҳиста ўтарканман, Куйдирги гўё мени кутиб тургандай, дабдурустдан гап ташлади: – Сиз унга эртак айтиб беряпсизми?
Мен турган жойимда туриб қолдим.
– Нима десамикин… Гапларимиз бироз кўпайиб қолди.
– Гапни кўпайтирманг. Пули тўланган денг. Муддаога ўтинг.
Куйдирги чиройли тўлғаниб олди. Устидаги чойшабни жўрттага тушириброқ қўйди. Унинг кўкраклари энди намойишкорона очиқ турарди.
– Агар унга кўнглингиз чопмаётган бўлса, кирмай қўя қолинг. Мен ўзим сизни чинакам бўстонларга олиб кираман… Ғалатироқ бўлиб кетаман. Бироқ ишнинг пачавасини чиқармаслик учун эҳтиёткорлик, айниқса, Куйдирги билан имкон қадар хуштакаллуф бўлмоқ лозим эди.
– Феруза… Сиз менга ёқиб қолдингиз. Фақат бугунча мен Тахминанинг ёнида бўлишим керак. Устимдан кулмасин, дейман.
– Сиз ҳали эртагаям қолмоқчимисиз? – У кўзлари юмуқ ҳолда жилмайиб қўяди. Кейин мендан аразлагандай, орқасига ўгирилиб олади. – Пошёл дальше!
Олиб кирган коньягим коньяклигича қолаверди. Уни эндигина очувдимки, яна ўз каравотида ёнбошлаб ётган Тахмина: «Менга қуйманг, ўзиз ичаверинг», деди. «Мениям ичгим йўқ. Сенга деб олиб чиқувдим», дедим. Тахмина хиёл жилмайиб қўйди. Унга мен ҳам қўшилишдим. Энди бир-биримизнинг кўнглимизни овлай бошлаганимизни икковимиз ҳам тушуниб турардик.
Сезиб турибман, Тахмина бугунги кутилмаган муносабатлардан ўзини ҳарчанд хотиржам ва беписанд тутишга уринмасин, мен ундан нима истаётганим-у, бугунги учрашув натижаси нима билан тугаши уни анча қизиқтиряпти. Буни унинг юзимга ҳамон ҳадик билан ўғринча боқиб қўяётганидан сезиб турибман.
Мен