Тахмина. Солих Каххор
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Тахмина - Солих Каххор страница 7
– Йўқ, – дейман чўрт кесиб. – Кирмайман.
– Нега энди? – ажабланади уй бекаси. – Нима, сиз бу ерда… фақат тунаш учун қолдингизми?
Мен шоша-пиша гапимни ўнглайман:
– Ундай эмас, албатта. Мен… сал кейинроқ, демоқчиман.
Орага жимлик чўкди. Тахмина ҳадеганда чиқавермади. Куйдирги ўртадаги ширин кайфиятни совутиб қўйишдан чўчиб, ичкари хона томон қичқирди:
– Бунча имилладинг?!
Унга жавобан Тахминанинг:
– Мен озгина чўзилиб оламан, қизиб кетяпман, – деган овози эшитилди.
– Бўпти, лекин ухлаб қолма. – Кейин менга юзланиб, илова қилади: – Маст ҳолда ухлаб қолган аёлни уйғотиб, ким ҳузур топибди… Индамайман. Куйдирги негадир ўзича жилмайиб қўяди. Магнитофон тасмасини алмаштириб, Юлдузнинг «Сени осмонимга олиб кетаман»ини пастроқ овозда қўяркан, сўрайди:
– Баҳодир ака, қанақа жойга тушиб қолдим, деб ҳайрон бўлаётганингиз йўқми?
Сигарет тутатдим. Шу баҳонада ўй-хаёлларимни оз-моз жамлаб олган бўлдим.
– Нега энди, ҳаммасини тушуниб турибман…
– Қандай тушунсангиз ҳам, ёмон хаёлга борманг. Мен… ишлайман, касалхонада ҳамшираман…
У ёлғон тўқий бошлаганини сезиб турибман. Сендайлар маош оламан деб ишлаб бўпти, деб қўяман ўзимча.
– Эрим офицер эди, Афғонистонда ҳалок бўлган, герой. Иккита норасидам бор, кампир онамнинг қўлларида…
Бу гапларни у менда бу хонадонга, ўзларига нисбатан ишонч туғдириш учун айтаётганини ҳам билиб турибман.
– Баъзан-баъзан бугунгидек кўнгилочарлик қилиб қоламиз. Сизга ўхшаган бамаъни улфатлар учраб қолса, занглаган, шўрлаган юракларни бир ювиб оламиз.
Шу пайт ногоҳ унинг эсига нимадир тушди чоғи, ўрнидан шошиброқ туриб бориб, дераза ёнида турган телефондан қаергадир қўнғироқ қилди. – Алло, бу менман. Ҳа, яхши. Кимдан? Дарак йўқ ҳали. Бугун уй қулф, биз кампирникидамиз. Хайр.
У ўз жойига келиб ўтираркан: «Бир дугонам келмоқчи эди, ўшани қайтардим», деб қўйди. Мен сигарет тутатиб, жимгина ўтирибман. Ўзимни жўрттага уй бекасининг гапларига ишонаётгандай, хонадон маликаларига нисбатан ҳурмат билан қараётган одамдай кўрсатишга уринаман.
Куйдирги ўз ҳолича коньяк қуя бошлади.
– Мен бошқа ичмайман, – дедим. – Буёғи етарли бўлди.
– Ўргилдим сиздан, қанақа йигитсиз ўзи?! – У қадаҳлардан бирини қўлимга мажбурлаб тутқазди: – Ичиб қолинг, ўйнаб қолинг. – Тўғрику-я, лекин…
– Нима лекин? – У менга ишвали боқади.
– Мен кўп ичолмайман, маст бўлиб қоламан.
– Аёлларнинг гапини қилманг,–қўл силтайди у. Кейин менга конфет очиб узатаркан, қўшиб қўяди:–Ичинг. Дўстлик тори узилмасин! Хаёлим Тахминада. Ишқилиб ухлаб қолмасин-да. Кейин ундан гап олиш қийин бўлади. Ё тавба… зап ажойибига дуч келдим-ку. Ким