Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қуёш ботаётган пайт - Хабиб Темиров страница 25
Аммо у янглишганди. Қўзилатиш бошланган дастлабки кунларданоқ дарди-дунёси қоронғи бўлиб кетди. Совлиқларнинг аҳволига қараш даҳшат эди. Бу манзарага инсон дош бериши қийин. Кечагина қорни мешдай бўлиб, дадил ўтлаб юрган қўй тўлғоғи тута бошлагандан кейин шундай ночор, шундай аянчли аҳволга тушардики, довдир бечора унга қўшилиб кучанар, юм-юм йиғларди. Биринчи қўзиси сал-пал қўзига ўхшар, оёғида туролмаса ҳам жони, сумбати бор эди. Бечора она оғриқ азобини енгиб, боласини ялаб-юлқай бошлади. Кейин иккинчи қўзи туғилди. Йўқ, бу қўзи эмас, мушукми, итми, билиб бўлмасди. Эҳ, она, она қўй! Она қўй вужудидан ажралган шу чала ўлик, мушуксимон мавжудотни ҳам меҳр билан ялашга тушди. Кейин учинчиси… Энди она қўйнинг ялаш тугул, бурилишга ҳоли қолмади… Кейин тўртинчиси… Бешинчи “қўзи” – қорамтир гўшт ва жун парчаси ерга тушди-ю, бечора она қўй таппа тушиб жон берди – унинг бели чўрт узилиб кетганди.
Икки-уч кун давомида қўра атрофи ўлимтикка тўлиб кетди. Қузғунлар шодон чарх уришар, яйлов узра чидаб бўлмас бир ҳид тараларди…
Довдир қўзилатиш ҳисоб-китобидан камомад билан чиқди. Мукофотга олган қўйлари ҳам, машина олиш илинжида йиғиб юрган тўрт-беш минг сўм пули ҳам, қизининг сепига аталган зеби зийнатлар ҳам етмади. Қарз кўтарди. Ишқилиб, бир амаллаб қутулди. Чўпонликни қўйишга қатъий аҳд қилиб, директорнинг олдига ариза кўтариб кирди.
– Ҳа, Ҳакимбой, бўлмадими? – деди Музроб Туробов ачиниш оҳангида.
– Бой деманг-э, ака, бой бўлмай кетай, мен ахмоқ. Худо урмаса, бошқа касб қуриб кетгандек чўпонликка ҳавас қиламанми?
Директор уни қайтариб ташлади:
– Кўзингнинг ёшини арт-э, йигит! Шу ҳолинг билан Ҳаким деган номни кўтариб юрибсанми? Ҳаким дегани Алпомишнинг исми, буни эсингдан чиқарма! Бир марта омади қайтган одам тирақайлаб қочиши керакми? Отангнинг арвоҳини чирқиллатмоқчимисан? Бу даштда сенга тўғри келадиган нима касб бор?
– Ўқитувчи бўламан, дегандим. Ҳар қалай олий маълумотим бор. Ота касб…
– Яша, энди калланг ишлабди. Қирқ бешга кирганингда ўқитувчиликни бошлайсан. Хўп, майли, ўқитувчи бўлдинг дейлик, ўқувчиларингга нимани ўргатасан? Қандай қилиб чўпонликни танлаганинг, қандай қилиб ташлаб қочганинг, хонавайрон бўлганинг ҳақида достон айтиб берасанми? Кулги бўлиб юраверасанми? Менинг маслаҳатим шу: бир ишни бошладингми – ютқазган, омадинг қайтган пайтда кетма, дўндириб, ошиғинг олчи бўлган пайтда кет. Ана шу мардлик бўлади!
Довдир ҳеч нарса деёлмай чиқди. Музроб оғанинг гапини икки қилиш мумкин эмасди. У киши башоратчи, валий бир одам эди. Айтгани келди: Ҳаким чўпон жазоларга мардонавор чидаб, қарзларни тўлаб, аста-секин яна оёққа туриб олди. Лекин… Тақдир тақозосини қарангки, ўша суҳбатдан бир неча йил ўтгач, Туробовнинг ўзи кутилмаганда ариза бериб ишдан бўшади. Жойига ҳозирги директор – Нурқобил Бўтаевни тавсия этди. Ҳар тугул унинг тайинланишига