Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қуёш ботаётган пайт - Хабиб Темиров страница 23
Директор эса мийиғида маъноли кулди. Довдир қайқи таёғини елкасига қўйиб, узоқ-узоқларга қаради. Учовлари ҳам жим эдилар.
12
Айни ўринда яна касалхонага қайтиб, бу жойнинг етакчи шифокори учун дунёдаги энг юқори мартабали бемор ҳисобланувчи (биз тарафларда ишқинг тушган қизнинг маҳалласидаги дайди итга ҳам “ака”, деб мурожаат этилади, бас шундай экан, бўлажак қайнота қай даражада иззатланишини ўзингиз тушунасиз, деб ўйлаймиз) қаҳрамонимизнинг аҳволидан бирров хабар олиб қўймасак, одамгарчиликдан бўлмас. Келинг, шундай қилайлик-да, сўнг ҳикоямизни қолган жойидан давом эттирайлик.
Тошбўри дўхтир ишга келган дастлабки кунлариданоқ баланд мавқели тоғасининг ёрдамида Чашмизирак қишлоқ касалхонасини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, бу ерда анча-мунча мураккаб жарроҳлик амалиётлари, бошқа янгича муолажалар ўтказиш имконини юзага келтиришга ҳаракат қилмоқда эди. Ҳа-да, бу ёқда йигирма биринчи аср эшик қоқаётган бўлса, бизнинг қишлоқ шифохоналарининг шаҳарлардагидан нимаси кам. Нарёқда дасти узун амалдор тоға қўллаб турган бўлса. Манови Ойсифатга ўхшаган димоғи баланд “мадмазел” (фаранглар салти сувой қизларни шунақа, деб чақиришаркан)ларга бир ўзини кўрсатиб қўйсин. Хуллас, елди-югурди, анча ишга улгурди. Жарроҳлик хонаси шу саъй-ҳаракатнинг илк самараси.
Дўхтиримиз келмаёқ, икки ҳамшира, навбатчи врач ишга тушиб кетишганди. Тошбўри дарҳол кийимини алмаштириб, уларга ёрдамга шошилди. Бемор кимлигини аниқ билганидан сўнг эса, ҳеч бир муболағасиз, оёғи олтита, қўли еттита бўлиб кетди. Энг сархил дорилардан уч-тўрт хилини укол қилдириб, довдирнинг юрагини, деярли асл ҳолига қайтарди, томир уришини мўътадиллаштириб, босимини меъёрига туширди, “мана энди хавф чекинди”, деб беморнию ҳамшираларни тинчлантиргач, ўзи ҳам тинчланди. Кейин Ойсифатни чақиртирди. Бечора қиз саросимага тушган, кўзлари умид билан жовдирарди.
– Ташвишланманг, – деди Тошбўри. – Юраклари… бироз лат ебди. Анча мураккаб муолажалар талаб этилади. Бироқ бизда ҳамма шароит яратилган. Даволаймиз. Икки ҳафта, нари борса бир ойда оёққа туриб кетадилар.
– Хайрият, ишқилиб айтганингиз келсин, – деди Ойсифат. Очиғи, у Тошбўрига аввал менсимай, кейин масхаромуз қараб юрарди. Яқинроқ танишгач, у қанақадир ғалати, ўқимишли, дунёқараши кенг бўлишига қарамай, соддароқ, бунинг устига жуда таъсирчан, хушмуомала, тарбия кўрган йигит эканлигига қаноат ҳосил қилди. Энди Тошбўрини кўрса қизарадиган, ҳаяжонланиб, гапирса тутиладиган бўлди. Аммо у йигитга рўйхуш беришга, кўнглини очишга қўрқарди. Қалбида минг хил истиҳола, қанча шубҳа, қанча гумон бор эди.
Ҳозир Тошбўридан умидбахш сўз эшитди-ю,