Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қуёш ботаётган пайт - Хабиб Темиров страница 6
– Аҳа, энг илғор ва энг ҳалол, дегин, йў-ўқ, бунақа бўлиши мумкин эма-ас, бизнинг ривожланган социалистик мамлакатда, айниқса бугунги Ўзбекистонда ҳалоллик билан илғор бўлиш мутлақо ақлга сиғмайди. Илғорми, демак режаларни бажаришда қўшиб ёзган, кўзбўямачилик қилган, ҳар қандай мукофотни, мансаб-мартабани пора эвазига олган!
Меҳмон бу гапни тиржайиб, гўёки ҳазил оҳангида айтди. Бироқ чўпон кўрдики, боягина муҳташам кабинетда ўзини соҳиби аврангу тож каби еттинчи осмонда ҳис этиб ўтирган Ўташевнинг ранги бўздай оқариб, силласи сувга тушиб, ҳатто қишлоқча қўпол қилиб айтганда, иштонини ҳўл қиладиган даражага тушди. Ҳайтовур унинг “қуролдош” биродари бояги куфр гапига дарҳол изоҳ берди:
– Ҳазиллашдим-ҳазиллашдим, бу дўстимиз илғор ва ҳалол чўпон бўлсалар, у кишига камоли ҳурмат-иззатимиз садаға! Биз – Москвалик адолатпеша терговчилар бундай кишиларни бошимизга кўтарамиз. Орден-медаллар олиб берамиз, қаҳрамон қиламиз! Аммо… социалистик қонунчиликни бузган, халқу давлат мулкини талон-тарож этганларга мутлақо шафқат қилмаймиз! Сиз, муҳтарам чўпон дўстим, исми-шарифингиз нимайди, умуман олганда бунинг сираям аҳамияти йўқ, агар шу масалада бирор фикрингиз, бизга етказмоқчи бўлган маълумоту ахборотингиз, бирор амалдорнинг таъмагирлиги ҳақидаги шикоятингиз бўлса, мутлақо тортинмасдан мурожаат қилаверинг. Мен сиздай ҳалол ва илғор меҳнаткашлар учун жонимни ҳам беришга тайёрман! Масалан айтинг, мана бу каттакон сизга қандай зуғум ўтказмоқда? Ё бирор мукофот учун пора сўраяптими? Агар шунақа бўлса, армияда бирга хизмат қилганимизни, Чехословакиядаги қонли тўқнашувларда бирга қатнашганимизни ҳам ҳисобга олиб ўтирмасдан, буни дарҳол қамоққа оламан!
Ўташевнинг ранги яна оқарди. Тепакал меҳмон яна иржайиб, ҳазиллашаётганини билдирди, чўпоннинг миясида: “бу икковлон 1968 йили Чехословакиядаги тинч намойишларни қонга ботиришда қатнашган экан-да”, деган ижирғаниш ўтди. Зеро у ана шу миллий озодлик ҳаракати ҳақида “Озодлик” радиосида эшитган ва бегуноҳ қурбон бўлганларга астойдил ачинганди.
– Йўқ-йўқ, аксинча, қуролдош биродарингиз туманимиздагина эмас, бутун Европаю Осиёдаги энг ҳалол ва адолатпарвар раҳбарлардан бири, у киши каминанинг арзимаган меҳнатини юксак қадрлаб, йўқ, дейишимга қарамасдан, катта бир қимматбаҳо мукофотга мутлақо текин тавсия этмоқчи бўляптилар, – деди қитмир ва довдир чўпонимиз меҳмонга ҳамоҳангу жўр ўлароқ “мутлақо”, деган сўзга урғу бериб.
– Аҳа, мана бу мутлақо бошқа гап, – деди меҳмон чўпоннинг елкасига ғамхўрона қоқиб, – унда қуролдош биродаримнинг бу ишини мутлақо қўллаб-қувватлайман!
– Эмасам бизга жавоб берингизлар, давлатнинг қўйлари қаровсиз қолмасин, – деди Ҳаким чўпон.
– Майли, боринг, – деди аллақачон ўзини бу муҳташам хона соҳибининг соҳиби, дея ҳис этаётган меҳмон. – Аммо-лекин