Қуёш ботаётган пайт. Хабиб Темиров
Чтение книги онлайн.
Читать онлайн книгу Қуёш ботаётган пайт - Хабиб Темиров страница 10
Мана, энди шундай аҳволга тушдимки, бутун умрим, инсонлигим, интилишларим, қилган ишларимнинг ҳаммаси беҳуда эканлигини англаб турибман. Энг ёмони, гарданимдаги тавқи лаънат, шармандалик юки шу қадар оғир, шу қадар даҳшатлики, ерга кириб кетгим келади…”
Қамалиш шу қадар даҳшатли шармандаликми? Алоҳа ёзишдан тўхтаб савол берди ўзига. Уруш йиллари ота-онаси билан Россиядан кўчиб келиб, шу ерда улғайиб, яшаб қолган, трактор тузатувчи уста чол Николай Петрович ширакайф пайтлари сафсата сўқиб, дердики, “биз, ўрисларда шундай нақл бор: ҳар бир киши ҳамиша қамалишга ёки ақлдан озишга тайёр туриши керак”. Бобойнинг ўзи ёшлик йилларида бир неча марта қамалган экан. Гоҳо шуни юзига солишса, “хўш, нима бўпти, вақтида Ленин ҳам, Сталин ҳам қамалган”, деб қўяркан. Лекин Нурқобил унақа деёлмайди. Орияти йўл қўймайди. Унинг учун уят – ўлимдан қаттиқ.
“…Албатта, ўзини ўлдириш осон иш эмас, кейин бу – ўта бемаъни, ахмоқона чора. Лекин менинг аҳволимга тушган киши, тўғрироғи, мендек киши шундай аҳволга тушгач, фақат ана шундай қилиши мумкин. Шундан бошқа чораси йўқ. Лекин…
Болаларимга, бегуноҳ қора кўзларимга, етим қўзиларимга раҳмим келади. Онадан сағир қолганлари етмагандек, мен ҳам ташлаб кетадиган бўлсам, аҳволлари нима кечади? Ёлғиз аммам уларни улғайтириб, одам қаторига қўша оладими.
…Дўстим. Эсингдами, болалик йилларимизда бир-биримизга “ўл, ўласан, ўлдираман” деган сўзларни беаёв ишлатардик. Бу сўзлар шу қадар оддий, шу қадар қадрсиз эдики, бирорта ёнғоғимиз бировимизга ўтиб кетса ҳам, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. “Ўлим” деган сўз, тушунча биз учун ҳам албатта, ўзининг чинакам, асл маъносини англатарди. Ўлим деганда ҳаётда бўлмасликни, ундан кетишни тушунардик, ахир. Менинг отам ўлганди, сенинг онанг. Лекин биз шунга қарамасдан, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. Энди билсам, ўшанда биз ўлим нималигини билардик-у, ҳаёт нималигини англаб етмагандик. Шунинг учун ҳам улғайганимиз сари, ҳаёт нималигини тобора чуқурроқ англай борганимиз сари “ўлим” сўзини камроқ тилга оладиган бўлдик. Улғайиб, бола-чақали бўлганимиздан кейин эса умуман тилга олмай қўйдик. Ҳатто болалар баъзан бир-бирларига шунақа дейишса, қаттиқ койийдиган, “Унақа дема, оғзингдан шамол учирсин” дея танбеҳ берадиган бўлдик. Ҳа, дўстим, энди бу сўз бизга жудаям даҳшатли туюладиган бўлди. Чунки ҳаёт нималигини тушуниб етдик. Мовий осмонга тўйиб боққинг, ям-яшил далалар, қирлар бўйлаб тинмай югургинг, дарёларни симиргинг, тоғларни бағрингга босгинг, хуллас, абадий яшагинг келади…”
Йўқ, ёзолмади давомини. Қанақадир сунъий, китобий чиқди. Кулгили. Гарчи мактабда у ҳам Суҳробга таассиб қилиб, шеърлар ёзган. Адабиётни жон-дили билан яхши кўрган. Бу муҳаббат ҳалиям қалбини тарк этгани йўқ. Шодон кунларида ҳам, маҳзуну маълул дамларда ҳам ёлғиз қолиб, китоб мутолаа этгиси келади. Аммо… ўз жонига қасд қилиш ниятидаги одам қанақадир фалсафа